Фредерик Старр: Темурийлар даври адабиёт, меъморчилик, астрономия, математика, тиббиёт, санъат ва таълимнинг мисли кўрилмаган юксалиш даври бўлди
Июнь 10, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 67
ВАШИНГТОН, 10 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШнинг нуфузли Марказий Осиё ва Кавказ институти (CАCИ) сайтида дунёга машҳур эксперт, профессор Фредерик Старрнинг “Темурийлар даври маданияти контексти ҳақидаги мулоҳазалар” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф ўз мақоласида Тимурийлар даври маданиятини архитектура, адабиёт, илм-фан ёки санъат соҳаларидаги алоҳида ютуқлар йиғиндиси сифатида эмас, балки жаҳон аҳамиятига эга бўлган яхлит цивилизацион ҳодиса сифатида таҳлил қилган.
Профессор Старрнинг таъкидлашича, замонавий илм-фан Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод каби буюк шахслар меросини кенг ўрганган бўлса-да, Марказий Осиёнинг XV асрда дунёнинг энг йирик интеллектуал ва маданий марказларидан бирига айланишига замин яратган омиллар ҳанузгача етарлича тадқиқ этилмаган.
Шу боис муаллиф Тимурийлар даврини алоҳида ёдгорликлар ёки тарихий шахслар фаолияти мисолида эмас, балки Тимурийлар Ренессансини ягона тарихий жараён сифатида комплекс тарзда ўрганиш зарурлигини илгари суради.
Мақолада қайд этилишича, Тимурийлар даври адабиёт, меъморчилик, астрономия, математика, тиббиёт, тасвирий санъат ва таълим соҳаларида мислсиз юксалиш босқичи бўлган. Бироқ мазкур соҳаларнинг айрим жиҳатлари ҳали ҳам чуқур ва ҳар томонлама ўрганилмаган.
Хусусан, Алишер Навоийнинг нафақат буюк шоир, балки Ҳиротдаги кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишларининг ташаббускори сифатидаги фаолияти, шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари алоҳида эътиборга лойиқдир. Унинг мадрасалари аниқ фанларни ўқитиш ва ривожлантиришнинг ноёб марказлари вазифасини бажарган.
Муаллифнинг асосий ғояларидан бири Тимурийлар цивилизациясини кенг географик макон доирасида баҳолаш зарурлигидир. Профессорнинг фикрича, бу маданий ҳудуд Хуросон ва Эрондан Тянь-Шангача, Афғонистондан Хоразмгача бўлган улкан минтақани қамраб олган.
Шу билан бирга, мазкур цивилизация фақат туркий ва форсий анъаналар асосида эмас, балки давлат бошқаруви, ҳарбий тизим ва сиёсий маданиятга сезиларли таъсир кўрсатган мўғул мероси негизида ҳам шаклланган.
Профессор Старр маданий юксалишнинг иқтисодий омилларига ҳам алоҳида тўхталади. Унинг таъкидлашича, Тимурийлар давлатининг дастлабки қудрати забт этилган ҳудудлар ресурсларига таянган бўлса, Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида халқаро савдо тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланган.
Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо йўлларининг қайта тикланиши мамлакат учун катта иқтисодий имкониятлар яратди. Бу эса масжидлар, мадрасалар, кутубхоналар ва бошқа маданий иншоотларни барпо этиш учун кенг шароит туғдирди. Натижада, Ҳирот ва Самарқанд ислом оламининг энг йирик илм-фан ва маданият марказларига айланди.
Материалда Тимурийлар Ренессанси билан Италия Уйғониш даври ўртасида ҳам қизиқарли қиёслар келтирилган. Муаллифнинг фикрича, ҳар икки цивилизацион юксалиш савдо-сотиқнинг ривожланиши, ҳомийлик анъаналарининг шаклланиши ва йирик шаҳарларда иқтидорли инсонларнинг жамланиши билан боғлиқ бўлган.
Бироқ Тимурийлар маданияти ҳудудий қамровининг кенглиги ва Марказий Евросиёнинг турли цивилизацион анъаналари ўзаро уйғунлашганлиги билан ажралиб туради.
Профессор Фредерик Старр Тимурийлар Ренессансини ўрта асрлар даврининг энг муҳим маданий ҳодисаларидан бири сифатида баҳолайди.
Олимнинг фикрича, мазкур давр ютуқлари иқтисодий фаровонлик, фаол халқаро алоқалар, нисбатан эркин интеллектуал муҳит ҳамда давлат томонидан илм-фан ва санъатга кўрсатилган кучли ҳомийликнинг самараси бўлган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси