Ўзбекистон Фахрий консулларининг биринчи глобал онлайн-форуми ўтказилди
Июль 24, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 43ТОШКЕНТ, 24 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан дунёнинг турли мамлакатларида фаолият юритаётган фахрий консулларни бирлаштирган биринчи глобал онлайн-форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, юртимизнинг хорижий давлатларда аккредитациядан ўтган фахрий консуллари, Туризм қўмитаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестицияларни жалб этиш агентлиги вакиллари иштирок этди.
Учрашувда фахрий консуллар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уларнинг иқтисодий дипломатияни илгари суриш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Интерактив мулоқот доирасида иштирокчилар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг инвестициявий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди.
Суҳбат давомида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, вақти-вақти билан норасмий онлайн учрашувлар ташкил этиш таклифи билдирилди. Иштирокчиларнинг аксарияти 2027 йил июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон фахрий консулларининг анъанавий йиллик учрашувини ўтказиш ташаббусини маъқуллади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


