Элдор Арипов: Бир неча ўн йилликлар ичида илк бор Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз саъй-ҳаракатларини келажакни биргаликда шакллантиришга йўналтириш имкониятига эга бўлди
Июль 23, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 58БИШКЕК, 23 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистон пойтахтида “Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шериклик ва уни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусида Ўзбекистон–Қирғизистон экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари ва вакиллари, тегишли идоралар ҳамда ишбилармон доиралар вакилларидан иборат Ўзбекистоннинг нуфузли делегацияси иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов бугунги кунда Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларида юз бераётган сифат жиҳатидан туб ўзгаришларни қайд этди. У икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли икки томонлама кун тартибидаги барча принципиал ва мураккаб масалалар муваффақиятли ҳал этилганига алоҳида эътибор қаратди.
Ушбу тарихий бурилишнинг аҳамиятига тўхталар экан, Элдор Арипов: “Амалда, бир неча ўн йилликлар ичида илк бор Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз саъй-ҳаракатларини ўтмишдан мерос бўлиб қолган муаммоларни бартараф этишга эмас, балки келажакни биргаликда шакллантиришга йўналтириш имкониятига эга бўлди”, дея таъкидлади.
Иқтисодий йўналишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ўн йил аввал ўзаро савдо айланмаси 100 миллион доллардан сал кўпроқни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 1,2 миллиард долларга яқинлашди. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида савдо ҳажми қарийб 40 фоизга ошди. Ушбу натижаларни юқори баҳолаган СМТИ директори бугунги кунда томонлар шунчаки савдо айланмасини оширишдан чуқур саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйишга ўтаётганини таъкидлади.
Йирик инфратузилма ташаббусларининг аҳамиятига тўхталган СМТИ директори “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли ҳамда “Қамбарота ГЭС-1” қурилиши стратегик аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг фикрича, ушбу мегалойиҳаларнинг кўлами икки томонлама кун тартиби доирасидан анча кенг бўлиб, “амалда Евроосиёнинг янги иқтисодий географиясини шакллантириш ҳақида сўз бормоқда”.
Трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалаларига тўхталган Элдор Арипов: “Сўнгги йиллар тажрибаси юқори ва қуйи оқимдаги давлатлар манфаатларини анъанавий тарзда бир-бирига қарама-қарши қўйиш ёндашуви аста-секин ўз долзарблигини йўқотаётганини яққол кўрсатмоқда”, – дея таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур ёндашув ўрнини томонлар манфаатларини ўзаро ҳисобга олиш ҳамда умумий табиий ресурслардан фойдаланишда жамоавий масъулият тамойиллари эгалламоқда.
Сўзининг якунида СМТИ директори икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқалар мисли кўрилмаган даражада фаоллашганини қайд этди. Хусусан, сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган Қирғизистон фуқаролари сони етти баробардан зиёд ошиб, ўтган йили 3,3 миллион нафарга етди. Бу Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлди.
Экспертлар кенгаши якунларини сарҳисоб қилар экан, Элдор Арипов: “Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар шундай тараққиёт босқичига етдики, эндиликда ҳамкорлигимизнинг муваффақияти юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш қобилиятига эмас, балки очилаётган имкониятлардан биргаликда самарали фойдаланиш маҳоратига боғлиқ”, – дея таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

