Ўзбекистон суғурта компанияси ходимлари Чехияда малака оширди
Июнь 26, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 72ПРАГА, 26 июнь. /“Дунё” АА/. “Ўзагросуғурта” АЖ бошқаруви раиси Шуҳрат Расулов бошчилигидаги делегация 18–23 июнь кунлари амалий ташриф билан Чехияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида ташкилот вакиллари Прагадаги Европа амалий фанлар ва менежмент институтида (EIASM) малака ошириш дастурида иштирок этдилар.
Сафарнинг асосий натижаларидан бири “Ўзагросуғурта” АЖ ва EIASM ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш бўлди.
Мазкур ҳужжат суғурта, сунъий интеллект, таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳаларида узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришни кўзда тутади. Шунингдек, у Ўзбекистон, Чехия ва бошқа Европа мамлакатлари ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Томонлар суғурта бозорида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, сунъий интеллект технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этиш, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, амалиёт ва академик алмашинув дастурларини ташкил этиш ҳамда халқаро форумлар, семинарлар ва бошқа касбий тадбирларни ўтказиш ниятидалар.
Меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон суғурта тизимини модернизация қилиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, халқаро илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва соҳанинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўқув дастури якунида EIASM курсларини муваффақиятли тамомлаган “Ўзагросуғурта” АЖ ходимларига тегишли сертификатлар топширилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


