Покистон компанияси Тошкент вилоятида йирик чорвачилик комплекси барпо этмоқчи
Июнь 25, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 123
ТОШКЕНТ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Покистоннинг йирик “Go Group” таркибига кирувчи “Go Dairy (Private) Limited” компанияси раҳбари Дур Муҳаммад Аюб бошчилигидаги делегациянинг юртимизга сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар давомида Покистон компанияси вакиллари Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, озиқ-овқат саноати ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда йирик инвестициявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Хусусан, вилоятда замонавий агрокластерлар ташкил этиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш ва қўшимча қиймат яратишга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Покистон делегацияси раҳбари “Go Group” фаолияти ва Ўзбекистонда амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, компания Ўзбекистонда наслчилик, боқиш, ем ишлаб чиқариш, сўйиш ва қайта ишлаш босқичларини ўз ичига олган тўлиқ циклли чорвачилик комплексини ташкил этишни режалаштирмоқда.
— Лойиҳа доирасида дастлабки босқичда 20–30 минг бош қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуаси, экспортга йўналтирилган совутиш ва музлатиш омборлари ҳамда маҳсулотларни қадоқлаш инфратузилмасини яратиш кўзда тутилган, — деди Дур Муҳаммад Аюб. — Компаниямиз Ўзбекистонни Форс кўрфази мамлакатлари, МДҲ давлатлари ва Хитой бозорларига маҳсулот етказиб бериш учун муҳим логистика маркази сифатида баҳоламоқда.
Шунингдек, мулоқот чоғида картошка ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, уруғчилик ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, инвестициявий лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олди.
Сафар дастури доирасида компания вакиллари Янгийўл, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Бўстонлиқ туманларида бўлиб, ҳудудлардаги чорвачилик хўжаликлари, агрокластерлар ва инвестициявий майдонлар фаолияти билан танишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси