Покистон ишбилармон доиралари Қибрай ва Бўстонлиқдаги агролойиҳалар билан танишди
Июнь 26, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 92ТОШКЕНТ, 26 июнь /“Дунё” АА/. Покистоннинг “GO Group” таркибига кирувчи “Go Dairy (Private) Limited” компанияси раҳбари Дур Муҳаммад Аюб бошчилигидаги делегация юртимизга ташрифи доирасида Қибрай ва Бўстонлиқ туманидаги қатор корхона ва агросаноат объектларида бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Покистон делегацияси Қибрай туманида фаолият юритаётган “Камилка” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюриб, корхонанинг сутни қабул қилиш ва қайта ишлаш қувватлари, ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик ечимлари ҳамда тайёр сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналишлари билан яқиндан танишди.
Учрашув чоғида корхона раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилиниб, сут маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида тажриба алмашиш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Сафар доирасида делегация вакиллари Бўстонлиқ туманидаги “Агровер” картошкачилик ва уруғчилик маркази фаолияти билан ҳам танишди. Меҳмонларга марказда картошкачилик ва уруғчилик соҳасини ривожлантириш, юқори ҳосилдор навларни етиштириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибалар алмашиш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур бизнес-миссия Ўзбекистон ва Покистон ўртасида агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги шериклик алоқаларини ўрнатиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



