SQB халқаро капитал бозоридаги йирик битими учун “GlobalCapital” мукофотига сазовор бўлди
Декабрь 25, 2025. 11:00 • 2 дақ
• 84
ТОШКЕНТ, 25 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) халқаро молия бозорларидаги фаол иштироки ҳамда замонавий молиявий инструментларни жорий этишдаги инновацион ёндашуви натижасида нуфузли “GlobalCapital” халқаро нашри томонидан “Central and Eastern Europe (CEE) Deal of the Year” – “Марказий ва Шарқий Европа йил битими” номинациясида ғолиб деб топилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“GlobalCapital” халқаро капитал бозорлари, қарз ва акциявий инструментлар бўйича таҳлилий материаллари билан танилган етакчи молиявий нашрлардан бири ҳисобланади. Мазкур мукофот юқори рақобат шароитида, қатъий танлов ҳамда мустақил экспертлар баҳолови асосида тақдим этилади.
Ўзсаноатқурилишбанк ушбу ютуққа сазовор бўлган Ўзбекистондаги илк корпоратив молия институти бўлди. Бу эътироф Банк томонидан 2025 йил октябрь ойида Лондон фонд биржасида жойлаштирилган 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги биринчи даражали қўшимча капитал (AT1) халқаро облигациялари эмиссияси натижасида қўлга киритилди.
Ушбу эмиссия нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида амалга оширилган илғор тажриба сифатида эътироф этилди. Битим доирасида Citibank, J.P. Morgan, Mashreqbank, Raiffeisen Bank, Societe Generale ва Standard Chartered каби жаҳоннинг етакчи молиявий институтлари букраннерлар сифатида иштирок этди.
“GlobalCapital” таҳлилига кўра, битим мураккаб глобал молия бозорлари шароитида, инвесторлар эҳтиёткорлиги ортиб бораётган бир даврда амалга оширилганига қарамасдан, юқори талаб билан ажралиб турди. Жойлаштириш жараёнида шаклланган буюртмалар ҳажми эмиссия миқдоридан 4 баробардан зиёд бўлди. Бу эса инвесторларнинг нафақат Ўзсаноатқурилишбанкка, балки умуман Ўзбекистон молия тизимига бўлган ишончи мустаҳкам эканини яна бир бор тасдиқлади.
“GlobalCapital” мукофоти Ўзсаноатқурилишбанкнинг халқаро молия бозорларидаги обрў-эътибори, институционал салоҳияти ҳамда стратегик ривожланиш йўналишлари тўғри танланганини намоён этади. Шунингдек, у келгусида янги инвесторларни жалб этиш, узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш ва йирик капитал операцияларини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
“GlobalCapital” нашри талқинига кўра, CEE (Central and Eastern Europe) минтақасига Польша, Венгрия, Чехия, Руминия, Болгария, Болқон ярим ороли давлатлари, Болтиқбўйи мамлакатлари ҳамда МДҲ давлатлари киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Iteca Exhibitions: Ўзбекистонда кўргазма саноати соҳаси ташкил этилганига 30 йил бўлди
Тошкентда электроника, хавфсизлик ва инновация йўналишидаги халқаро кўргазмалар бошланди
Тошкентда "TransLogistica Uzbekistan – 2025" 21-халқаро кўргазмаси иш бошлади