Logo

Исроил вақтинчалик сулҳдан сўнг биринчи марта Байрутга зарба берди

Май 07, 2026. 11:25 • 2 дақ

191
Исроил вақтинчалик сулҳдан сўнг биринчи марта Байрутга зарба берди

БАЙРУТ, 7 май / “Дунё” АА/. Исроил ва Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганидан кейин биринчи марта Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан пойтахти чеккасига зарба берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху ва мудофаа вазири Исроил Кацнинг айтишича, ҳужум нишони “Радван” элита бўлинмаси қўмондонларидан бири бўлган.

“Унинг қўмондонлиги остидаги “Радван” бўлинмаси жангарилари Исроил аҳоли пунктларини ўққа тутиш ва Исроил ҳарбийларига ҳужум қилиш учун жавобгар эди”, деди улар.

Исроил матбуотига кўра, натижада бўлинма қўмондони Малек Балут, унинг ўринбосари ва бошқа жангарилар ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, зарба маҳаллий вақт билан соат 20:00 атрофида “Радван” бўлинмаси аъзоларининг учрашуви чоғида берилган. Ҳужум натижасида кучли ёнғин келиб чиқди, камида битта бино жиддий зарар кўрди.

АҚШ ҳужум ҳақида олдиндан хабардор қилинган ва розилик берган. Исроил шимолида можаронинг янги кучайиши хавфи туфайли юқори тайёргарлик эълон қилинди”, деб хабар берди “DW”.

Шунингдек ўқинг

Ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” бир-бирини қоидабузарликларда айблашда давом этмоқда. Исроил ҳарбийлари Ливан жанубига мунтазам зарбалар бериб, инфратузилма ва ҳаракат жангчиларига ҳужум қилаётганини таъкидламоқда.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган ҳафтанинг ўзида Исроилнинг мамлакат бўйлаб уюштирган ҳужумлари оқибатида 120 нафардан ортиқ одам, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлган.

Исроил ҳам чегара бўйлаб ҳудудни ушлаб туришда давом этмоқда ва буни мамлакатнинг шимолий ҳудудларини ҳимоя қилиш учун хавфсизлик зонасини яратиш билан изоҳламоқда.

Бунга жавобан “Ҳизбуллоҳ” Исроил ҳарбийлари ва Исроилнинг шимолий ҳудудларига ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумларини амалга оширмоқда. Ўтган ҳафта Ливан жанубида дрон зарбаси натижасида исроиллик ҳарбий пудратчи ҳалок бўлди.

Умуман олганда, март ойи бошидан бери Ливанда 2700 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлди. Исроил Ливан жанубида 16 нафар ҳарбий хизматчи ва бир нафар тинч аҳоли, шунингдек, мамлакат шимолида икки нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди.

“AFP” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш