Logo

“The Financial Times”: Европа Иттифоқи Россия билан эҳтимолий музокараларга тайёрланмоқда

Май 08, 2026. 12:45 • 3 дақ

150
“The Financial Times”: Европа Иттифоқи Россия билан эҳтимолий музокараларга тайёрланмоқда

БРЮССЕЛЬ, 8 май. /“Дунё” АА/. Европа кенгаши президенти Антониу Кошта Флоренциядаги Европа университети институтида сўзлаган нутқида Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Россия президенти Владимир Путин билан эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўраётганини айтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Британиянинг “The Financial Times” газетасига таяниб.

Кенгаш раҳбарининг сўзларига кўра, у Россия билан мумкин бўлган мулоқотнинг формати ва мазмунини аниқлаш мақсадида Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат раҳбарлари билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Унинг таъкидлашича, Владимир Путин билан музокаралар учун “потенциал” мавжуд, бироқ ҳозирча Москванинг “самарали” ва “жиддий” мулоқотга тайёрлиги аломатлари йўқ. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи АҚШ томонидан олиб борилаётган музокараларга тўсқинлик қилмоқчи эмаслигини айтди.

Антониу Кошта Кипрдаги саммитда Украина Президенти Владимир Зеленский европалик ҳамкорларни бўлажак музокараларда иштирок этишга тайёр бўлишга чақирганини қайд этди. Украина томони Европа даражасида янада яқинроқ мувофиқлашув зарурлигини ва Европа Иттифоқининг умумевропа позицияси вакили сифатида иштирок этиши муҳимлигини таъкидлаган.

Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сўнгги жиддий алоқа 2026 йил февраль ойида, Франция Президенти маслаҳатчилари Эммануэл Бонн ва Бертран Бухвалтер Европа Иттифоқининг Украина бўйича тинчлик музокараларида эҳтимолий иштирокини муҳокама қилиш учун Москвага ташриф буюрганида бўлиб ўтган. Манбаларга кўра, Франция томонининг таклифлари рад этилган.

Бундан ташқари, март ойида Европа ва Россия вакиллари ўртасидаги кескин алоқалар ҳақида хабар берилган эди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия томони мулоқотни давом эттириш учун конструктив таклифлар олмаган.

Дипломатик жараёнлар фонида АҚШ ва Украина ўртасидаги музокаралар фаоллашиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар берилмоқда. Яқин кунларда АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Маямида Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров билан учрашиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқида Россияга нисбатан санкциялар сиёсати муҳокама қилинмоқда. Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Венгриядаги сайловлардан сўнг янги санкциялар пакети тайёрланаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу Москвага блокнинг Украинани қўллаб-қувватлаш позициясини сақлаб қолиш ҳақида сигнал бўлиши керак.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи Россиянинг энергия экспортидан даромадларини чеклаш, шунингдек, молиявий ва савдо чекловларини кучайтиришга қаратилган 20-санкциялар пакетини қабул қилган эди. Европа Иттифоқида Россия тузилмалари ва алоҳида шахсларга нисбатан қўшимча чоралар тайёрлаш ҳам муҳокама қилинмоқда.

 “Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш