Logo

“Pakistan Today” газетаси: ОТБ Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий жараёнларидаги асосий стратегик ҳамкорлардан бири

Май 07, 2026. 19:04 • 2 дақ

112
“Pakistan Today” газетаси: ОТБ Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий жараёнларидаги асосий стратегик ҳамкорлардан бири

ИСЛОМОБОД, 7 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan Today” нуфузли газетасида “Ўзбекистоннинг Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлиги: инфратузилмани молиялаштиришдан кенгайтирилган стратегик шерикликкача” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда шу йилнинг 3–6 май кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) 59-йиллик йиғилиши ҳақида маълумот келтирилган. Ушбу тадбирда 69 аъзо давлатдан банк ва молия институтлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Муҳокамалар Осиё мамлакатлари олдида турган асосий ривожланиш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўлларига қаратилган бўлади.

“Бундай юқори даражадаги форумнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тобора эътироф этилаётгани ва унинг жаҳон молия тизимидаги ўрни мустаҳкамланаётганини кўрсатади”, – дейилган мақолада.

Покистон нашрида ёзилганидек, Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорлик кенг қамровли ва узоқ муддатли хусусиятга эга. Қўшма ташаббуслар портфели умумий қиймати 27,5 миллиард доллар бўлган 174 та лойиҳани ўз ичига олади. Улардан 10,5 миллиард долларлик 66 та лойиҳа якунланган бўлса, яна 4,6 миллиард долларлик 30 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу кўрсаткичлар ОТБнинг Ўзбекистоннинг етакчи ривожланиш шерикларидан бири эканини тасдиқлайди.

Тўпланган тажрибага таяниб, ОТБ 2024 йил август ойида 2024-2028 йилларга мўлжалланган янги беш йиллик ҳамкорлик стратегиясини ишга туширди. Ўзбекистон ва ОТБ 2026-2028 йилларга мўлжалланган ўзаро англашув меморандумини тасдиқлади. Унда умумий қиймати 4,2 миллиард доллар бўлган 28 та лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган.

Бундан ташқари, узоқ муддатли устувор йўналишларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд саммити доирасида 2027–2030 йилларга мўлжалланган ОТБ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик дастурини имзолаш ташаббусини илгари сурди.

“Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги замонавий ҳамкорлик моделининг асосий хусусиятлари кенг қамровлилик, стратегик йўналтирилганлик, институционал чуқурлик ва барқарорликдан иборат. Шу тариқа, бугунги кунда ОТБ фақатгина кредитор эмас, балки тузилмавий ислоҳотлар, иқтисодий модернизация ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий жараёнларига интеграциясида иштирок этувчи асосий стратегик шерик ҳисобланади”, – дея урғуланган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш