АҚШ ва Эрон Қатарда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилганини тасдиқламади
Июнь 30, 2026. 19:21 • 2 дақ
• 48
ДОҲА, 30 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШ ва Эрон вакилларининг Доҳага ташрифи келишилган тўғридан-тўғри музокараларсиз ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
АҚШ президентининг махсус элчилари Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф бугун “юқори даражадаги учрашувлар” учун Қатарга келиши кутилган эди, бироқ музокаралар муддати ва формати ноаниқлигича қолмоқда.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мажид Ал-Ансорийнинг сўзларига кўра, АҚШ делегацияси Қатар воситачилари билан учрашади, бироқ Эрон расмийлари билан учрашув бўлмайди.
Эрон Доҳага техник делегация юбораётганини маълум қилди. Бу Америка томони билан боғлиқ эмаслиги ва тўғридан-тўғри музокаралар режалаштирилмаётганини таъкидлади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Багаий АҚШ билан яқин кунларда учрашувлар бўлмаслигини маълум қилди.
Эрон расмийларига кўра, Доҳадаги муҳокамалар Ҳурмуз бўғозини бошқариш, Эрон активларини музлатиш ва кескинликни камайтириш масалалари билан чекланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Эрон сўнгги кунларда доимий ўт очишни тўхтатиш ва Теҳроннинг ядровий масаласини ҳал қилиш бўйича музокаралар учун 60 кунлик муддатни назарда тутувчи июнь ойидаги 14 банддан иборат келишув доирасида эришилган вақтинчалик сулҳни бузганликда яна бир-бирини айблади.
Бир кун аввал “Axios” портали хабар берганидек, томонлар зарбаларни тўхтатишга ва Кўрфаз минтақасида зарбалар алмашинувидан сўнг шу ҳафта Қатарда учрашишга келишиб олди.
Можаро Ливандаги Исроил ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи атрофидаги кескинлик билан боғлиқ бўлиб, у ерда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича алоҳида доиравий келишув муҳокама қилинмоқда. Бироқ қўшинларни олиб чиқиш ва қуролсизланиш масалалари бўйича келишмовчиликлар туфайли унинг натижалари ноаниқлигича қолмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси