ЕТТБ 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши прогнозини 7,5 фоизгача оширди

Сентябрь 26, 2026. 18:00 • 2 дақ

• 75
ЕТТБ 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши прогнозини 7,5 фоизгача оширди

КИЕВ, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш прогнозини 6,5 фоиздан 7,5 фоизга оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Украинанинг “Fixygen” ахборот порталига таяниб.

ЕТТБ прогнозига кўра, 2027 йилда Ўзбекистоннинг реал ялпи ички маҳсулоти ўсиши 6 фоизни ташкил этади.

Банк 2026 йилнинг биринчи ярмида иқтисодий фаолликнинг тезлашганини қайд этмоқда. Январь–июнь ойларида ЯИМ йиллик ҳисобда 8,5 фоизга ўсди. Энг катта ҳиссани хизмат кўрсатиш соҳаси қўшди — 4,4 фоиз пункт. Қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш 8,8 фоизга, товар айланмаси эса 13,5 фоизга ошди.

Ушбу даврда асосий капиталга инвестициялар 17,5 фоизга ошди. ЕТТБ Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энергетика соҳасига киритилаётган янги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг асосий йўналишларидан бирига айланганини таъкидлайди.

Шу билан бирга, банк иқтисодий ўсиш учун бир қатор хавф-хатарларни кўрсатиб ўтади. Улар орасида Россия иқтисодиётининг эҳтимолий секинлашиши ва энергия ресурсларига жаҳон нархларининг юқорилиги фонида Россия ёқилғисини етказиб беришдаги узилишлар мавжуд.

Шунингдек ўқинг

ЕТТБ баҳолашича, июль ойида инфляция йиллик ҳисобда 6,4 фоизгача тезлашган. Марказий банкнинг асосий ставкаси 2025 йил март ойидан бошлаб 14 фоиз даражасида сақланиб қолмоқда.

Ташқи савдо ҳам турли йўналишдаги динамика билан ажралиб турди. 2026 йилнинг январь–июль ойларида олтин етказиб беришнинг қисқариши туфайли экспорт 4,5 фоизга камайди, импорт эса 17,8 фоизга ошди. Натижада савдо баланси тақчиллиги икки баробардан кўпроққа – 9,7 миллиард долларгача ошди.

2026 йил ўртасига келиб, Ўзбекистоннинг давлат қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 27 фоизига етди. Шу билан бирга, мамлакатнинг халқаро захиралари йиллик ҳисобда 32 фоизга ошиб, июль ойи охирида 64 миллиард долларни ташкил этди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсган. Мамлакат ҳукумати 2026 йилда иқтисодиётнинг 8,1 фоизга ўсишини кутмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш