Тошкент ва Брест вилоятлари вакиллари чорвачилик соҳасидаги янги қўшма лойиҳалар билан танишди

Октябрь 29, 2026. 14:30 • 2 дақ

• 6
Тошкент ва Брест вилоятлари вакиллари чорвачилик соҳасидаги янги қўшма лойиҳалар билан танишди
Тошкент ва Брест вилоятлари вакиллари чорвачилик соҳасидаги янги қўшма лойиҳалар билан танишди

МИНСК, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. 27 октябрь куни ҳоким Зоир Мирзаев бошчилигидаги Тошкент вилояти делегацияси амалий ташриф билан Беларуснинг Брест вилояти Пинск туманида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида “Стисхо Пинское” МЧЖ базасида сут ва гўшт чорвачилигини ривожлантириш бўйича истиқболли қўшма лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. Ташаббус “MARAQAND MEAT” МЧЖ (Ўзбекистон) ва “Стисхо Пинское” МЧЖ (Беларусь) ўртасидаги ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, Тошкент вилоятида беларуслик тадбиркорлар иштирокидаги тўртдан ортиқ лойиҳа муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Ўз навбатида, Беларусь ҳудудида ўзбекистонлик инвесторлар томонидан бешта лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланган бўлиб, улардан иккитаси аллақачон фойдаланишга топширилди.

Шунингдек ўқинг

Брест вилояти ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дмитрий Городецкий Беларусь–Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар Тошкент ва Брест вилоятлари ҳамкорлигида салмоқли натижалар беришига ишонч билдирди.

Унинг сўзларига кўра, бу шериклик муносабатлари III Ҳудудлар форуми ҳамда жорий йилнинг сентябрь ойида қабул қилинган “Хива декларацияси”даги келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари Чамля қишлоғи яқинида жойлашган, 2,4 минг бош қорамолга мўлжалланган замонавий сут-товар мажмуаси фаолияти ҳамда илғор технологиялар билан танишиш имконига ҳам эга бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш