Жиззахдаги техникумларга замонавий электрон доскалар туҳфа этилди
Октябрь 12, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 67
ЛОНДОН, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Буюк Британияда фаолият юритаётган ҳамкорлар томонидан Жиззах вилоятидаги қатор таълим муассасаларига замонавий электрон доскалар тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур грант Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, таълим соҳасидаги халқаро алоқаларни ривожлантириш, ёшларнинг замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Тақдим этилган электрон доскалар Жиззах шаҳридаги 3-сонли техникум, Жамоат саломатлиги техникуми ҳамда Фориш туманидаги техникумга ўқув ва касб-ҳунар ўрганиш жараёнларида фойдаланиш учун туҳфа этилди.
Замонавий электрон доскалардан назарий ва амалий машғулотларни ташкил этиш, мультимедиа материалларидан фойдаланиш, тақдимотлар ўтказиш ҳамда ўқув жараёнини интерактив шаклда олиб боришда кенг фойдаланиш кўзда тутилган.
Бу саъй-ҳаракатлар таълим олувчиларнинг дарсларга қизиқишини ошириш, ахборотни қабул қилиш ва ўзлаштириш жараёнини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Касбий таълим муассасаларида замонавий технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий этиш ёшларни меҳнат бозори талабларига мос билим ва кўникмалар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси