Ўзбекистон ва Қатар ўртасида эндокринология соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Октябрь 12, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 89
ДОҲА, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Қатарнинг етакчи тиббий муассасаси – “Sidra Medicine” ўртасида яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жорий йил 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон эндокринологларининг IV халқаро конгресси бўлиб ўтади. “Тўрақулов сабоқлари – 2026” номли тадбирда “Sidra Medicine” болалар эндокринологияси бўлими мутахассиси, “Weill Cornell Medicine–Qatar” университети профессори Холид Ҳусайн ҳам иштирок этади.
“Чегарасиз эндокринология: илм-фан, инновациялар ва клиник амалиёт” шиори остида ўтадиган конгресс доирасида Холид Ҳусайн “Генетик ташхисдан мақсадли терапияга: болалар эндокринологиясидаги моноген касалликлар” мавзусида маъруза қилади.
Маърузада болаларда учрайдиган ирсий эндокрин касалликларни замонавий генетик усуллар орқали аниқлаш, даволашдаги шахсийлаштирилган ёндашувлар ва мақсадли терапия имкониятлари ёритилади. Бу йўналишлар касалликларни эрта ташхислаш, самарали даволаш стратегиясини танлаш ва асоратлар хавфини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
“Sidra Medicine” аёллар, болалар ва ўсмирларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, илмий тадқиқотлар ва тиббий таълимни ривожлантиришга ихтисослашган замонавий тиббиёт марказидир. Марказнинг халқаро тажрибаси Ўзбекистон мутахассислари учун илғор клиник ёндашувларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишда муҳим имкониятлар яратади.
Ўзбекистон ва Қатар тиббиёт муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш клиник тажриба алмашиш, қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва тиббиёт ходимлари малакасини оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу ҳамкорлик замонавий ташхис ва даволаш усулларини жорий этиш орқали болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилашга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси