Тошкент 16 та давлат иштирокидаги тоғ-кон саноати халқаро кўргазмасига мезбонлик қилади

Октябрь 12, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 101
Тошкент 16 та давлат иштирокидаги тоғ-кон саноати халқаро кўргазмасига мезбонлик қилади

ҚОҲИРА, 12 октябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 27–29 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида “MiningMetals Uzbekistan 2026” – 20-Халқаро “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлга ишлов бериш” кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Мисрнинг “Al-Youm Al-Saba” онлайн нашрига таяниб.

Ташкил этилганига 20 йил бўлган мазкур кўргазма саноат янгиликларини намойиш этиш, тажриба алмашиш ҳамда тоғ-кон ва металлургия тармоқларида ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун Ўзбекистондаги етакчи ихтисослаштирилган майдонлардан бири ҳисобланади.

Ҳозирда Австралия, Беларусь, Германия, Эрон, Испания, Қозоғистон, Канада, Хитой, Жанубий Корея, Қирғизистон, Россия, Сербия, Туркия, Ўзбекистон, Финляндия ва Эстония компаниялари ўзларининг иштирокини расман тасдиқладилар.

Кўргазмага ташриф буюрувчиларга замонавий тоғ-кон техникаси ва ускуналари, металлургия ҳамда металлга ишлов бериш технологиялари, рудани ташиш ва қайта ишлаш ечимлари, шунингдек, рақамли технологиялар, автоматлаштириш ва саноат хавфсизлиги тизимлари тақдим этилади.

Шунингдек ўқинг

Анжуманнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида Германия миллий стенди, шунингдек, Хитой ва Туркия ишлаб чиқувчиларининг кенгайтирилган экспозициялари ташкил этилиши кутилмоқда. Ўзбекистон тоғ-кон саноaти ва геология вазирлиги томонидан етакчи маҳаллий корхоналар ва тармоқ ташкилотлари иштирокида алоҳида миллий стенд ҳам барпо этилади.

Шунингдек, ишбилармонлик дастури доирасида “Ресурслардан глобал имкониятларга сари” шиори остида Ўзбекистоннинг VIII Халқаро тоғ-металлургия форуми — UIMF 2026 ўтказилиши режалаштирилган. Унда Марказий Осиё тармоқ компаниялари, давлат органлари вакиллари, инвесторлар, технологик компаниялар ҳамда илмий-тадқиқот институтлари қатнашади.

Мазкур кўргазма ва форум халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, касбий тажриба алмашиш, инвестициявий имкониятларни ўрганиш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал бозорлар билан шериклик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш