Япон аудиториясига Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари таништирилди
Апрель 27, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 505ФУКУОКА, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Япониянинг Фукуока шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси ҳамда “Hankyu Travel International Co., Ltd.” ва “All Co., Ltd.” компаниялари ҳамкорлигида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда элчихона дипломатлари, япон туркомпаниялари вакиллари ва Ўзбекистонга саёҳат қилишни режалаштираётган сайёҳлар қатнашди.
Семинар давомида Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий сайёҳлар учун яратилган шароитлар, замонавий меҳмонхоналар ва инфратузилма ҳақида маълумот берилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Термиз каби тарихий шаҳарлар, миллий маданият, урф-одатлар ва анъанавий таомлар ҳақида тақдимотлар ўтказилиб, видеороликлар намойиш этилди.
Учрашув доирасида дипломатлар япон компания вакиллари – Нобуюки Ониши, Шинтаро Ҳей ва Акихиро Цучия билан музокара ўтказди. Унда Япониядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, япон туроператорлари учун танишув сафарларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
“JTB” ва “HIS” туркомпания вакиллари Яқин Шарқ минтақасидаги вазият сабабли Миср ва Туркия каби анъанавий йўналишларга бўлган талаб қисқараётгани, шу муносабат билан сайёҳлар учун нисбатан барқарор ва хавфсиз йўналиш сифатида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонга турлар ташкил этиш имкониятлари ўрганилаётганини маълум қилди.
Шу билан бирга, туркомпаниялар Япония сайёҳлик компаниялари уюшмаси (JATA) билан келишган ҳолда сайёҳлар гуруҳларини таъминлаш имконияти мавжудлигини билдириб, Тошкент–Фукуока–Тошкент йўналишида чартер авиақатновлар ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклифини илгари сурди.
Япон томони Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистонга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўқлиги сабабли ҳозирча саёҳатлар асосан транзит орқали амалга оширилаётгани айтилди. Шу боис, тўғридан-тўғри чартер рейслар йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга келган япон сайёҳлари сони ўтган йилга нисбатан 175 фоизга ошиб, қарийб 7 минг нафарни ташкил этган. Йил охиригача бу ўсиш сақланиши кутилмоқда.
Учрашув якунида иштирокчиларга Ўзбекистон туризми ҳақида брошюра, китоб ва хариталар тарқатилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



