“The Nation” газетаси: Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорлик Покистонга Марказий Осиё билан тарихий алоқаларни қайта тиклаш имконини беради
Февраль 05, 2026. 15:12 • 3 дақ
• 51
ИСЛОМОБОД, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “The Nation” газетасида “Нима учун Ўзбекистон Покистон учун Марказий Осиёдаги энг муҳим давлат ҳисобланади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф – Бахрия университети профессори Адам Сауд мақола муқаддимасида Покистоннинг Марказий Осиё билан ўзаро алоқалари ҳал қилувчи босқичга кирганини таъкидлайди. Унинг қайд этишича, бу мамлакатлар орасида Ўзбекистон демографик кўлами, иқтисодиётининг диверсификация қилинган тузилиши, географик жиҳатдан марказий ўрни, ислоҳотларга йўналтирилган ташқи сиёсати ва, энг муҳими, минтақавий боғлиқлик ташаббусларини белгилашдаги ҳал қилувчи роли туфайли Покистоннинг энг муҳим ҳамкори ҳисобланади.
“Солиштирма жиҳатдан олганда, Ўзбекистон Покистон учун узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишда бошқа ҳар қандай Марказий Осиё мамлакатига нисбатан анча кенг, чуқур ва мустаҳкам асосга эга”, – деб ёзади у.
Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ҳам алоҳида стратегик устунлик ҳисобланади. У Марказий Осиёдаги барча республикалар билан чегарадош бўлган ягона давлат бўлиб, Евроосиё ички транзит йўлларининг марказида жойлашган. Тарихан Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби шаҳарлар Ипак йўлининг муҳим тугун нуқталари бўлган. Замонавий геосиёсий шароитда ҳам Ўзбекистон ўзини Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб йўналишларидаги табиий боғлиқлик маркази сифатида қайта намоён этмоқда.
“Марказий Осиё билан Араб денгизи ўртасида кўприк бўлишни мақсад қилган Покистон учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон билан ривожланаётган шериклик бутун Марказий Осиё минтақасига бирдек таъсир кўрсатади. Бу мантиқ, айниқса, Транс-Афғон темир йўли лойиҳасида яққол намоён бўлади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ҳисобланади. Тошкент мазкур йўлакни Покистон портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш учун энг қисқа ва энг арзон йўл сифатида кўради”, – дея таъкидланади мақолада.
Покистонлик экспертнинг ёзишича, Исломобод ва Тошкент манфаатларининг айнан шу транспорт коридори атрофида кесишиши Ўзбекистоннинг бошқа Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан сифат жиҳатидан муҳим ўринга эга эканини тасдиқлайди.
“Юқори иқтисодий салоҳият ҳам Ўзбекистонни минтақадаги бошқа давлатлардан ажратиб турадиган яна бир муҳим омилдир. Ўзбекистон нисбатан диверсификация қилинган иқтисодиётга эга бўлиб, пахта, тўқимачилик, олтин, кимё, автомобилсозлик, машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Мамлакат тез ривожланаётган саноат базасига эга. Масалан, 2024 йилда Покистон ва Марказий Осиё ўртасидаги умумий савдо ҳажми 726 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, шундан 404 миллион доллари Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. Кейинги ўринларда Қозоғистон (239 миллион доллар), Тожикистон (58 миллион доллар), Туркманистон (41,2 миллион доллар) ва Қирғизистон (12 миллион доллар) қайд этилган”, – дейди муаллиф.
Таъкидланишича, Покистон нуқтаи назаридан Ўзбекистон ноанъанавий бозорларга экспортни кенгайтириш учун муҳим имкониятдир. Хусусан, фармацевтика маҳсулотлари, тиббий жиҳозлар, гуруч ва спорт товарларига Ўзбекистонда талаб юқори. Шу билан бирга, Покистон Ўзбекистондан пахта, нефть маҳсулотлари, ўғитлар, олтин ва саноат учун зарур бўлган бошқа товарларни импорт қилиши мумкин.
Покистон ва Ўзбекистон ўзаро савдони янада ошириш бўйича улкан салоҳиятга эга. Икки давлат ҳам 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган.
Мақола якунида Адам Сауд “Ўзбекистон Покистон учун Марказий Осиё бозорларига киришда асосий дарвоза ҳисобланади. Ўзбекистонни устувор деб белгилаш бошқа Марказий Осиё республикаларини унутиш дегани эмас. Аксинча, бу минтақавий динамика ва миллий манфаатларни реалистик баҳолашдир. Ўзбекистон билан кучли ва кўп қиррали ҳамкорлик Покистонга Марказий Осиё билан кенг қамровли боғлиқликни чуқурлаштириш ва тарихий алоқаларни қайта тиклаш имконини беради. Бундай боғлиқлик эса Покистоннинг Марказий, Жанубий, Жануби-Шарқий ва Ғарбий Осиё ўртасида кўприк сифатидаги ролини мустаҳкамлайди”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
