“The Pioneer”: Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигида янги имкониятлар очилмоқда
Февраль 01, 2026. 11:36 • 2 дақ
• 36
БЕРЛИН, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Германиянинг сиёсий-иқтисодий йўналишда етакчи “The Pioneer” онлайн нашрида Светлана Алексеева-Крюгернинг Ўзбекистон–Германия ҳамкорлигида бағишланган таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, 2025 йилда Брюсселда имзоланган тарихий ҳужжат - Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этган.
“Ўзбекистон бугун изчил ислоҳотлар ва рақамли технологиялар соҳасидаги ривожланишлар туфайли хомашё етказиб берувчи давлатдан рақамли технологиялар марказига айланмоқда. Бу эса, Германия ҳамда Европа Иттифоқи учун иқтисодий ҳамкорликнинг янги имкониятларини очади”, дея фикр билдирган немис журналисти.
Таъкидланишича, Ўзбекистон нафақат “Ипак йўли”даги тарихий маскан, балки Марказий Осиёдаги энг йирик инвестицион хаб сифатида эътироф этилмоқда. Хориж экспертлари Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатларидан ҳайратда эканини билдирмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда иқтисодиётда барқарор ўсиш кузатилаётгани, ЯИМ йилига 5 фоиздан ортиқ ўсгани, 2024 йилда 6,5 фоизни ташкил этгани айтилган.
Иқтисодиёт фақат хомашёга боғланиб қолмай, саноат ва инновацияларга йўналтирилмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳаси, айниқса IT-аутсорсинг хизматлар экспорти динамик ўсиш юқорилигини кўрсатмоқда.
Мақолада IT сектори мамлакатнинг “Рақамли Ўзбекистон – 2030” миллий стратегиясининг марказий бўғини сифатида кўрсатилади. 2024 йилда мамлакатнинг IT-аутсорсинг хизматлар экспорти илк бор бир миллиард АҚШ долларидан ошгани эътироф этилади.
Муаллиф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида IT-экспорт ҳажмини 2030 йилгача 5 баробарга ошириш имконияти борлигини таъкидлаганини алоҳида қайд этади.
“German Economic Team” эксперти Гарри Полушкиннинг таъкидлашича, 2020 йилдан бери IT-сектор ҳар йили ўртача 42 фоизга ўсиб бормоқда. Ўзбекистон эндиликда IT-хизматларнинг соф экспортчисига айланган (асосий импортёрлар АҚШ ва Буюк Британия).
Нашрда IT-паркнинг роли “инновациялар мотори” сифатида таърифланган. Хусусан, унда ҳозирда 3000 дан ортиқ фирма рўйхатдан ўтгани, улардан 800 таси хорижий компаниялар экани келтирилади. Муаллиф немис компаниялари эътиборини хорижий мутахассислар учун яратилган имтиёзлар, яъни “IT-виза”, солиқ имтиёзлари ва “Zero Risk” дастурларига қаратади.
Қайд этилишича, Германия саноати учун Ўзбекистоннинг зарур хомашё захиралари ўта муҳим аҳамият касб этади. Мис, вольфрам, литий, магний ва ванадий каби ноёб металлар захиралари Германиянинг “яшил” энергияга ўтиш стратегияси учун зарур.
Ўзбекистон бугунги кунда дунё мамлакатларига “Made in Uzbekistan” бренди остида “IT-Outsourcing” хизматларини немис компанияларига тақдим этмоқда. Бу германиялик компаниялар учун IT хизматлардан фойдаланиш соҳасида катта имкониятдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
