Польшалик экспертлар: Ўзбекистон – тобора хавфсиз ва ноёб туристик йўналиш бўлиб бормоқда
Февраль 01, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 45
ВАРШАВА, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Radio Kielce” радиоканалида Ўзбекистоннинг туристик, маданий-тарихий ва инфратузилмавий салоҳиятига бағишланган “Дунё бўйлаб мусиқий саёҳат: Ўзбекистон – Ипак йўлида” номли радиоинтервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Radio Kielce” радиоканали ва унинг интернет саҳифаларида тарқатилган ушбу дастурда польшалик экспертлар ўз саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашиб, Ўзбекистонни жаҳон цивилизацияси марказларидан бири сифатида эътироф этди. Суҳбатдошлар мамлакатнинг 2500 йиллик бой тарихига тўхталар экан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар ўзининг асл меъморчилиги ва тарихий муҳитини сақлаб қолган ноёб мажмуалар эканини алоҳида таъкидлади.
Дастурда Ўзбекистоннинг Буюк Ипак йўлидаги стратегик ўрни ҳамда Европа, Форс, Араб ва Осиё маданиятлари туташган марказ сифатидаги аҳамиятига юқори баҳо берилди. Экспертлар мамлакатдаги хавфсизлик ва тозалик даражаси хорижий сайёҳлар учун энг муҳим омиллардан бири эканини қайд этди.
Шунингдек, Польша фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилгани, замонавий авиақатновлар ҳамда Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатнови каби ривожланган туристик инфратузилма алоҳида эътироф этилди. Мамлакат иқтисодиётининг динамик ривожланиши, хусусан, ипак ва пахта етиштириш ҳамда виночилик соҳасидаги ютуқлар ҳам суҳбат мавзуси бўлди.
Интервью давомида минтақадаги экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизининг қуриши ва унинг оқибатларига ҳам тўхталиб ўтилди. Мўйноқ шаҳри мисолида ўтмишдаги хатоликлар рамзи сифатида тилга олинган бўлсада, бугунги кунда ушбу ҳудудда амалга оширилаётган янги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар мамлакатнинг экологик барқарорликка интилишини кўрсатиши таъкидланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон заминидаги Польша тарихий мероси, Иккинчи жаҳон уруши даврида генерал Владислав Андерс армиясининг шаклланиши ва Ғузор каби шаҳарлардаги польшалик ҳарбийлар қабристонининг давлат томонидан авайлаб сақланаётгани экспертлар томонидан юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида баҳоланди.
Дастур якунида ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, диний бағрикенглик ва миллий ҳунармандчилик анъаналарига бўлган эътибор юқори баҳоланди. Ушбу радиоинтервью Польша жамоатчилигида Ўзбекистон ҳақида ижобий тасаввур уйғотишга хизмат қилиб, мамлакатимизни хавфсиз, ўзига хос ва истиқболли туристик йўналиш сифатида танитди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
