Logo

2025 йилдаги фаол дипломатия Ўзбекистоннинг глобал майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади

Январ 11, 2026. 10:35 • 3 дақ

69
2025 йилдаги фаол дипломатия Ўзбекистоннинг глобал майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади

АР-РИЁЗ, 12 январь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг “Al Bawwaba” нашрида 2025 йилдаги Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг замонавий тарихида ҳал қилувчи йил ҳисобланган 2025 йилда фаол дипломатия мамлакатнинг глобал майдондаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий воситаларидан бири сифатида илгари сурилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон халқаро масалаларни муҳокама қилишда иштирок этадиган ва Марказий Осиёнинг қоқ марказидаги стратегик мавқеидан фойдаланадиган нуфузли минтақавий ва глобал иштирокчига айланди. Йил давомида жадал мулоқотдан йирик иқтисодий келишувлар, тарихий халқаро тадбирларни ўтказиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда мужассам бўлган аниқ амалий натижаларга ўтилди. Бу эса мураккаб халқаро муҳитда очиқлик ва прагматизмни уйғунлаштирган узоқ муддатли истиқболни акс эттиради.

Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришганидан буён халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя этган ҳолда, очиқлик, тенг ҳуқуқли шериклик, ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланган ташқи сиёсатни амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистон етакчиси парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун “халқаро мулоқот майдони”га айланиб бораётганини таъкидлаб, фаол дипломатия ички тараққиёт ва кенг қамровли ислоҳотларнинг таянчларидан бири эканини қайд этди.

Геосиёсий кескинлик ва ресурслар учун рақобатнинг кучайиши шароитида Ўзбекистон АҚШ, Хитой, Россия, Европа Иттифоқи ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги каби йирик давлатлар, Туркия, Корея Республикаси ва Япония каби ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлаган ҳолда кўп векторли дипломатик мувозанатни сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Йил давомида Ўзбекистон Президенти 28 та хорижий ташрифни амалга оширди, Ўзбекистонга 23 та олий даражадаги ташриф ташкил этилди. Бу халқаро ҳамкорларнинг ўсиб бораётган ишончини акс эттиради ва Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги цивилизациявий кўприк сифатидаги ролини тасдиқлайди.

Ўзбекистоннинг юқори мартабали делегациялари хорижий мамлакатларга 700 дан ортиқ ташриф буюриб, барча муҳим ҳудудларни қамраб олган бўлса, Тошкент 600 дан ортиқ юқори даражадаги хорижий делегацияларни қабул қилди.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида - Самарқандда ўтказилгани энг муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу Ўзбекистоннинг маданий ва цивилизациявий аҳамиятини халқаро миқёсда эътироф этиш ҳисобланади.

“Дипломатик муносабатлар 165 та давлатга кенгайтирилиб, илк бор Словакия, Сербия, Иордания каби давлатлар билан олий даражадаги тадбирлар ўтказилди. Иқтисодий соҳада мамлакатимиз тарихида биринчи марта ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. Экспорт ҳажми 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етган”, дея қайд этилган материалда.

Иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этди. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатнинг суверен кредит рейтингини “BB-” даражасидан “BB” даражасига кўтарди.

https://albwaabh.org/2465269/%D9%86%D8%AA%D8%A7%D8%A6%D8%AC-%D8%A7%D9%84%D8%AF%D8%A8%D9%84%D9%88%D9%85%D8%A7%D8%B3%D9%8A%D8%A9-%D8%A7%D9%84%D9%86%D8%B4%D8%B7%D8%A9-%D8%A3%D9%88%D8%B2%D8%A8%D9%83%D8%B3%D8%AA%D8%A7%D9%86-%D8%AA/?amp=1


 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш