NDTV: Ҳиндистонлик сайёҳ учун Ўзбекистон маданий жиҳатдан яқин ва тушунарли макондир
Январ 10, 2026. 09:15 • 3 дақ
• 229
ДЕҲЛИ, 10 январь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг оммабоп NDTV телеканали ўз сайтида “Ҳиндистонлик саёҳатчилар учун Ўзбекистон бўйича тўлиқ қўлланма” номли батафсил таҳлилий мақола эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада мамлакатимиз 2026 йилда туризм учун энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида тақдим этилган. Муаллиф нафақат ўзбек шаҳарларининг диққатга сазовор жойларини моҳирона таърифлаган, балки нима учун Ўзбекистон Ҳиндистон фуқаролари учун «янги севимли маскан»га айланиб бораётгани сабабларини чуқур таҳлил қилган.
NDTV сайти Ўзбекистон узоқ вақт давомида Марказий Осиёнинг «яширин марвариди» бўлиб келгани, бироқ сўнгги йилларда вазият шиддат билан ўзгараётганини таъкидлаган.
Материалда сайёҳлар оқими динамикасига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳиндистонлик туристларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши барқарор ўсиш суръатини намойиш қилмоқда: 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга Ҳиндистондан 80 мингдан ортиқ саёҳатчи ташриф буюрган.
Телеканал экспертлари бу муваффақиятни оқилона очиқлик сиёсати билан боғламоқда. «Ўзбекистон — бу бир вақтнинг ўзида эртакнамо қадимий Ипак йўли шаҳарларидан тортиб ҳамёнбоп ҳашаматга эга замонавий мегаполисларгача бўлган бир нечта оламни тақдим этадиган ноёб йўналишдир», деб таъкидланган мақолада.
NDTV «маданий кўприк» концепциясига алоҳида урғу берган. Ҳиндистонлик сайёҳ учун Ўзбекистон шунчаки хорижий давлат эмас, балки маданий жиҳатдан яқин ва тушунарли макондир.
Мақолада бир нечта асосий муштарак жиҳатлар санаб ўтилган. Биринчи навбатда, бу — меъморчилик. Самарқанддаги Темурийлар мероси ва Ҳиндистондаги Бобурийлар архитектураси ўртасидаги узвий боғлиқлик қайд этилган.
Шунингдек, гастрономик нафисликка ҳам тўхталиб ўтилган. Палов ва сомсага нисбатан меҳрдан тортиб зира, кашнич уруғи, заъфарон каби умумий зираворлардан фойдаланишгача бўлган пазандачилик анъаналарининг ўхшашлиги эътироф этилган.
Бозор савдоси маданияти, меҳмондўстлик анъаналари ва ҳатто мусиқий асарлар ҳинд меҳмони ўзини худди ўз уйидагидек ҳис қилишига ёрдам берувчи муҳитни яратади, деб қайд этилган.
NDTV ўз аудиториясига Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг Европа ёки Осиёга амалга ошириладиган анъанавий йўналишлардан устунлик томонларини батафсил тушунтириб берган.
Аввало, ўқувчилар диққати виза режимининг соддалаштирилганига қаратилган. Электрон туристик визани 3-4 кун ичида минимал тўлов эвазига олиш имконияти асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилган.
Деҳли, Мумбай ва Гоадан Тошкентга тўғридан-тўғри авиарейсларнинг мавжудлиги Ўзбекистонни Ҳиндистоннинг ички йўналишларидан ҳам яқинроқ қилмоқда.
Муаллифларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда дам олиш нархи дунёнинг бошқа мамлакатларидаги шу каби хизмат кўрсатиш даражасидан 2-3 баравар арзонроқдир. Беш юлдузли меҳмонхоналар ва юқори сифатли ошхоналар кенг доирадаги саёҳатчилар учун қулай имкониятлар тақдим этади.
Телеканал Ўзбекистон туризмининг «олтин квадрати»ни алоҳида кўрсатиб ўтган.
Тошкент — ўзига хос ер ости метро-галереяси ва ёрқин «Чорсу» бозорига эга замонавий мегаполис сифатида таърифланган. Самарқанд эса «Ипак йўлининг юраги» деб номланган. Айниқса, саҳарда ва қуёш ботиши пайтида зиёрат қилиш тавсия этиладиган Регистон майдони ҳайрат билан тасвирланган.
Нашр қўҳна Бухорони асрлар давомида жонли муҳитни сақлаб қолган «очиқ осмон остидаги музей»га ўхшатган. Хива Шарқнинг энг яхши сақланиб қолган асл меъморчилигини кўришни истовчилар учун мажбурий манзил сифатида тавсия этилган.
Ўзбекистон ўз тарихий капиталини замонавий туристик брендга муваффақиятли айлантирмоқда. NDTV сайтидаги мақола Ҳиндистон мамлакатимиз туристик соҳаси учун стратегик ҳамкорга айланаётганини тасдиқлайди.
Нашр Ўзбекистон ҳиндистонликлар учун шунчаки саёҳат қиладиган маскан эмас, балки бир вақтнинг ўзида таълим, саргузашт ва янгиликлар кашф этиладиган диёрдир, деб хулоса қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси