“Tolo News”: Афғонистон ва Ўзбекистон хавфсиз пул ўтказмалари платформасини ишга туширмоқда
Сентябрь 22, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 14
МОЗОРИ ШАРИФ, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Афғонистон “Tolo News” янгиликлар портали Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Мозори Шарифда Балх вилояти ишлаб чиқарувчиларининг 80 нафар хусусий сектор вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси билан бизнес-учрашуви бўлиб ўтди.
Томонлар экспорт ҳажмини ошириш, хавфсиз тўловлар, алоқаларни кенгайтириш ва қўшма инвестицияларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилди. Учрашувда афғон ишбилармонларига ўзбек маҳсулотлари намуналари тақдим этилди.
Балх вилояти Савдо-инвестиция палатаси раҳбари Муҳаммад Иброҳим Ғазанфар “Ghazanfar Bank” билан ҳамкорликда товарлар Ҳайратон портига етказиб берилгандан сўнг Ўзбекистонга хавфсиз пул ўтказиш учун “UzEx” платформаси ишга туширилганини маълум қилди.
Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раҳбари Ёрқин Маликов икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар муҳимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, ўзбекистонлик тадбиркор Абдулқодир Бурҳонов маҳсулот етказиб бериш ҳажми ошгани ҳақида гапирган бўлса, афғонистонлик тадбиркор Исматулла Исъҳоқзай Ўзбекистонни “Марказий Осиёга кириш эшиги” дея таърифлади.
Нашрнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Афғонистон ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспорт ва импорт ҳажмини ошириш, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси