Тошкентдаги янги марказ ҳақидаги хабар “X” тармоғида 16 миллиондан ортиқ кўрилиб, Илон Маск постларига тенглашди
Март 31, 2026. 17:20 • 2 дақ
• 103
ТОШКЕНТ, 31 март. /“Дунё” АА/. Нуфузли “The Times of Central Asia” нашри томонидан Тошкентда барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган пост халқаро ижтимоий тармоқларда катта шов-шувга сабаб бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашр муаллифларининг маълум қилишича, мазкур мақола “X” (собиқ Twitter ижтимоий тармоғи) платформасида рекорд даражадаги кўрсаткични қайд этган. Қисқа вақт ичида 16 миллиондан ортиқ кўрилган ушбу постнинг оммавийлиги дунёнинг энг машҳур шахсларидан бири Илон Маскнинг оммавий постлари билан беллаша оладиган даражага етган.
Нашр вакиллари ушбу натижани “улкан ва ҳайратланарли” деб баҳолаб, бу ислом цивилизацияси ва Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида ўз тармоқларида эълон қилинган энг кўп кўрилган ва энг катта қизиқиш уйғотган мақола бўлганини эътироф этган.
“The Times of Central Asia” мақолада Марказнинг аҳамияти ҳақида шундай ёзган: “2026 йил 17 март куни Тошкентда музей ва илмий-тадқиқот вазифаларини ўзида мужассам этган йирик маданий ёдгорлик – Ислом цивилизацияси маркази очилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг бой меросини ёритиши билан бирга, илм-фан, миллий ўзлик ва глобал мулоқотни тарғиб этишга хизмат қилади”.
Халқаро экспертлар ва тармоқ фойдаланувчиларининг бу қадар юксак эътибори ва эътирофи жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган катта қизиқишидан далолат беради. Кўп сонли репост ва шарҳлар Марказнинг нафақат минтақавий, балки глобал интеллектуал марказ сифатидаги нуфузини янада оширади.
Мазкур маскан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган бўлиб, у бой тарихий меросни замонавий илм-фан ютуқлари билан боғловчи ўзига хос маънавий кўприк вазифасини ўтайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси