Наманган ва Гродно вилоятлари ўртасида меморандум имзоланди

Август 17, 2026. 10:00 • 3 дақ

71
Наманган ва Гродно вилоятлари ўртасида меморандум имзоланди

ГРОДНО, 17 август. /“Дунё” АА/. Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразақовнинг Беларусга хизмат сафари доирасида Гродно вилояти ижроия қўмитаси раиси Юрий Караев билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, енгил саноат ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳақида фикр-мулоҳаза алмашди.

Мулоқот чоғида Наманган ва Гродно вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга келишиб олинди.

Жорий йил июль ойида Минск шаҳрида имзоланган Стратегик шериклик декларацияси икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик учун зарур шарт-шароитларни яратаётгани таъкидланди.

Гродно вилоятининг саноат ва агросаноат салоҳияти бу борада муҳим имкониятларни тақдим этмоқда. Ҳудуд Беларусь саноат ишлаб чиқаришининг қарийб 11 фоизини таъминлайди, агросаноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда инвестицияларни жалб этиш бўйича етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Вилоятнинг ташқи савдо алоқалари 125 мамлакатни қамраб олган бўлиб, бу ерда 800 га яқин хорижий компания, жумладан, Ўзбекистон капитали иштирокидаги 50 га яқин корхона фаолият юритмоқда.

Томонлар учрашув давомида тўқимачилик соҳасида кооперацияни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Наманганнинг бой хомашё базаси ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Гроднонинг “Конте СПА”, “Гронитекс”, “Слонимская камвольно-прядильная фабрика” каби йирик корхоналари билан технология ва тажриба алмашиш, кийим-кечак ҳамда турли хил матоларни биргаликда ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам аниқ режалар белгиланди. Беларуснинг чорвачилик ва аграр соҳадаги тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Гродно, Витебск ва Минск вилоятларида чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш, фаолият юритаётган корхоналарни хусусийлаштириш бўйича таклифларни ўрганиш режалаштирилган. Беларусда ишлаб чиқарилаётган сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига кенг жалб этиш ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.

“Ҳудудлараро саноат ва қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, технологияларга инвестиция киритиш ва бозорда муносиб ўрин эгаллаш вақти келди”, – деди Юрий Караев.

Шавкат Абдуразақов Беларуснинг мавжуд салоҳияти Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. У икки томонлама ҳамкорлик барча белгиланган вазифаларни амалий натижалар билан таъминлашга хизмат қилишини қайд этди.

Учрашув якунида илмий-техник алоқаларни кучайтириш, мутахассислар ва тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, ижтимоий-маданий ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Юрий Караев ва Шавкат Абдуразақов Гродно ва Наманган вилоятлари ўртасида ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш тўғрисида меморандумни имзолади.

Мазкур ҳужжат икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитиш, инвестициявий ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда ишбилармонлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам замин яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш