Ўзбекистон ва Малайзия зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Май 15, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 42
КУАЛА-ЛУМПУР, 15 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Малайзиянинг Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш бўйича “Tabung Haji” Давлат кенгаши таркибига кирувчи “TH Travel” компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида Малайзия фуқаролари орасида Ўзбекистоннинг “Умра плюс” турпакетларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик орқали республикага зиёратчилар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда хорижий сайёҳлар ва зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Мулоқот чоғида “TH Travel” компаниясининг Малайзияда илк бор ижтимоий тармоқларда 4,5 миллиондан ортиқ обуначига эга таниқли дин арбоби Козим Элиас бошчилигидаги йирик зиёратчилар гуруҳини Ўзбекистонга юбориш бўйича реклама кампаниясини ўтказаётгани мамнуният билан қайд этилди. Сафар 2026 йилнинг иккинчи ярмига мўлжалланган. Шунингдек, Малайзия томони келгусида бундай ташаббусларни мунтазам амалга оширишни режалаштирмоқда.
Компания менежери Мазли Абдул Маликнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги исломий қадамжолар ва сайёҳлик объектлари Малайзия аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, кўплаб малайзияликлар яқинда Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги қайта бунёд этилган Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш истагини билдирмоқда.
“Uzbekistan Airways”, “Batik Air” ва “AirAsia” авиакомпаниялари томонидан Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида ҳафтасига саккиз марта амалга оширилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар сайёҳлар ва туроператорлар учун қўшимча қулайликлар яратаётгани таъкидланди.
Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш билан шуғулланувчи Малайзиянинг “Tabung Haji” Давлат кенгашига 1963 йилда асос солинган. Бугунги кунда унинг мамлакат бўйлаб 107 та филиали ва 10 мингдан ортиқ хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. “TH Travel” компанияси Малайзияда зиёратчиларни Ҳаж ва Умрага жўнатиш билан шуғулланувчи етакчи ташкилотлардан бири саналади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




