Ўзбекистоннинг бой маданий мероси Сеулда кенг тарғиб этилди
Июнь 08, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 87СЕУЛ, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси дипломатлари Сеул халқаро саёҳат ярмаркаси (SITF)да иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу нуфузли ярмарка Осиё минтақасидаги йирик туристик тадбирлардан бири бўлиб, ҳар йили туризм индустриясининг етакчи вакиллари, миллий туризм ташкилотлари, туроператорлар ва соҳа мутахассисларини бир майдонга жамлайди.
Бу галги кўргазмада ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларидан туризм соҳаси вакиллари иштирок этди. Юртимиз вакиллари ҳам мазкур халқаро тадбирда фаол қатнашиб, мамлакатимизнинг бой маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти, миллий анъаналари ва замонавий туризм имкониятларини намойиш қилди.
Тадбир давомида кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, маданий мероси, гастрономик туризм имкониятлари ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган туризм соҳасидаги ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
Шу билан бирга, ўзбек миллий либослари намойиши ўтказилиб, ўзбек халқининг миллий анъаналари ва замонавий мода тенденцияларининг ноёб уйғунлиги тақдим этилди. Ушбу либосларда акс эттирилган Ўзбекистоннинг бой ва хилма-хил маданий мероси томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Кореялик туризм соҳаси вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон бой тарихий-маданий мероси, бетакрор меъморий обидалари ва меҳмондўст халқи билан хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бўлиб ўтган суҳбат жараёнларида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакатимизга кореялик туристлар оқимини кўпайтириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






