Logo

Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Карачи ва Исломобод шаҳарларида тақдимот қилинди

Апрель 10, 2026. 09:44 • 3 дақ

84
Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти Карачи ва Исломобод шаҳарларида тақдимот қилинди

ИСЛОМОБОД, 10 апрель. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 3–5 апрель кунлари Покистоннинг Карачи шаҳрида V «Pakistan Travel Mart» халқаро туризм кўргазмаси, шунингдек, мазкур тадбир доирасида 7–8 апрель кунлари Исломобод шаҳрида «роуд-шоу» ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Халқаро туризм тадбирлари майдонида Ўзбекистон элчихонаси томонидан Туризм қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда юртимизнинг Покистондаги туризм бренди элчиси Ҳамид Маҳмуд билан биргаликда мамлакатимиз миллий павильони ташкил этилди.

Павильонда мамлакатимизнинг таълим, зиёрат, маданий, ишбилармонлик ва тиббий туризм йўналишларидаги кенг имкониятлари, замонавий ва қулай сайёҳлик инфратузилмаси, олий таълим муассасалари ҳамда машҳур туристик манзилгоҳлари кенг жамоатчиликка тақдим қилинди. Ўтказилган тақдимотлар ва бевосита мулоқотлар орқали Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги рақобатбардошлиги, шунингдек, минтақавий таълим хаби сифатидаги роли намоён этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг таълим туризми салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида «Study in Uzbekistan» таълим кўргазмаси ҳам ташкил қилинди. Унинг доирасида меҳмонларга мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари, мавжуд таълим йўналишлари, жумладан, дуал таълим дастурлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон павильонига Покистон Сенати раиси Саид Юсуф Раза Ғилоний, Бош вазирнинг туризм масалалари бўйича координатори Сардар Ясир Ильяс Хан, Туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб ур-Реҳман Рана ва бошқа расмийлар ташриф буюрди. Покистон расмий вакиллари мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни юксак баҳолаб, Ўзбекистоннинг илғор тажрибасини ўрганиш ва уни Покистонда жорий этишга қизиқиш билдирдилар.

Покистон Бош вазирининг туризм масалалари бўйича координатори Сардар Ясир Ильяс Хан таъкидлаганидек, Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янада ривожлантиришда тўғридан-тўғри авиақатновлар муҳим аҳамият касб этмоқда. «Сўнгги икки йилда Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан Тошкент–Исломобод ва Тошкент–Лаҳор йўналишларида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилди. Шунингдек, жорий апрель ойи охирида «Centrum Air» авиакомпанияси томонидан Тошкент–Лаҳор йўналишида қўшимча рейслар очилиши режалаштирилган. Бу каби ташаббуслар икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», – деди у.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг V «Pakistan Travel Mart» халқаро туризм кўргазмаси тадбирларидаги иштироки мамлакатимизнинг Покистон туризм бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, Покистондан келувчи сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда таълим соҳасидаги ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтиришга муҳим ҳисса қўшди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш