Тошкентда бўлиб ўтган "UzFood 2026" халқаро форумида Германия технологиялари ва инновациялари эътиборни ўзига тортди
Апрель 10, 2026. 11:02 • 2 дақ
• 109
ТОШКЕНТ, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Озиқ-овқат саноати, маҳсулотлари ва ишлаб чиқариш технологиялари – UzFood 2026” номли халқаро кўргазма бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу йилги кўргазма кўлами рекорд даражага етди: 26 мамлакатдан 500 дан ортиқ компания иштирок этгани Ўзбекистоннинг жаҳон озиқ-овқат бозоридаги муҳим бўғин сифатидаги мавқеи тобора ортиб бораётганини тасдиқлайди.
Экспозицияда Германия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги томонидан ташкил этилган павильон алоҳида ўрин эгаллади. “Made in Germany” бренди остида 18 та етакчи компания ўз технологик ечимларини, ўнлаб турдаги замонавий маҳсулот ва сервис хизматларини намойиш этди.
Ишбилармонлик дастури кўргазма майдонини тўлақонли ишчи платформага айлантирди. Унда “Jet-Team Consult”, “Nissei ASB GmbH”, “Flottweg SE”, “Becker Vacuum & Air Equipment” каби брендлар мамлакат агросаноат мажмуасига илғор тажрибаларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Айниқса, иштирокчилар эътиборини мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга бағишланган тақдимот ўзига қаратди. Унда шокли музлатиш линияларини ишга тушириш, лиофил қуритиш ва замонавий логистика марказлари йўналишлари намойиш қилинди.
Ушбу йўналишлар давлатнинг юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар экспортини 3,5 миллиард долларга етказишга қаратилган иқтисодий стратегиясига тўла мос келади. Сақлаш ва қадоқлашнинг Европа стандартларини қўллаш ўзбек маркаларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Мутахассислар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун бугунги кунда Европа майдонларига чиқишнинг ноёб имкониятлари, жумладан, “GSP+” имтиёзлар тизими ва “REX” тизимида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилганини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси