Москвадаги анжуманда Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрни муҳокама қилинди
Апрель 10, 2026. 10:24 • 3 дақ
• 106
МОСКВА, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон элчихонасида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Соҳибқирон Амир Темур – Шарқнинг иккинчи Ренессанси бунёдкори” мавзусида илмий-маърифий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессорлари, эксперт ва таҳлилчилар, жамоат арбоблари, шоирлар, шарқшунослар ҳамда Россиянинг турли университетларида таҳсил олаётган 60 нафардан ортиқ ватандош талабалар иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов Амир Темурнинг миллий давлатчилигимиз тараққиётида тутган ўрни ва жаҳон тарихи ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
У ўз нутқида бугунги кунда Амир Темур шахсига бўлган қизиқиш ва эътибор тобора ортиб бораётганини қайд этди. Шу билан бирга, Соҳибқироннинг давлат ишларидаги донолиги, заковати, жасорати, ватанпарварлиги, топқирлиги ва мустаҳкам иродаси каби фазилатлари ёш авлод учун ибрат мактаби эканини урғулади. “Темур тузуклари”нинг аҳамиятига тўхталиб, улар ёшларда ватанпарварлик руҳини шакллантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тадбир давомида иштирокчилар Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрнини юқори баҳолаб, ўз фикр ва таассуротлари билан ўртоқлашди.
Россия Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси профессори Игорь Кругових икки давлат тарихи халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашини қайд этди. Унинг фикрича, тарихий мерос масаласи замонавий миллий давлат қурилишида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу Янги Ўзбекистон сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда миллий давлатчиликни ривожлантириш ва анъанавий қадриятларни асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса 2030 йилгача мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган.
Россия давлат гуманитар университети профессори Дарья Жигульская ҳам тадбирнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, уни замонавий Ўзбекистон миллий ўзлигини мустаҳкамлашда муҳим омил сифатида эътироф этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Амир Темур номи бутун бир тарихий давр билан боғлиқ. Буни Тошкент ва Самарқанддаги ёдгорликларда, миллий валюта ва давлат мукофотлари дизайнида ҳам кўриш мумкин.
Профессор фикрича, Амир Темур хотираси нафақат тарихий аҳамиятга эга, балки муайян ижтимоий ва сиёсий мақсадларга ҳам хизмат қилади. Шу боис, уни улуғлаш жараёни нафақат ўтмишга ҳурмат, балки миллатни бирлаштирувчи ва тарихий ворисликни таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.
Конференция якунида меҳмонларга Амир Темур ҳаётига бағишланган қисқаметражли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шунингдек, унинг ҳаёти ва фаолиятига оид адабий, илмий ва публицистик асарлардан иборат китоб кўргазмаси ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси