Парижда ватандошлар иштирокида Наврўз нишонланди
Апрель 10, 2026. 18:56 • 2 дақ
• 55
ПАРИЖ, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Байрам тантаналарида Францияда истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган ва турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимиз, шунингдек, француз жамоатчилиги ва маданият арбобларидан иборат 150 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.
Тадбир аввалида Наврўз байрамининг инсоният тамаддунидаги ўрни, унинг халқлар ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик ва янгиланиш каби умуминсоний қадриятларни тарғиб этишдаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Кечанинг бадиий қисми ҳақиқий санъат байрамига айланиб кетди. Хусусан, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамблининг нафис чиқишлари ҳамда Шермат Ёрматов номидаги Ёшлар миллий хор гуруҳи ижросидаги дилкаш куй-қошиқлар парижлик меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. Миллий рақс санъатимизнинг жозибаси ва жарангдор мусиқий чиқишлар тадбирга ўзгача кўтаринки руҳ ва баҳорий кайфият бағишлади.
Париж марказида ташкил этилган ушбу Наврўз байрами Ўзбекистоннинг бой маданиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш билан бир қаторда, икки мамлакат халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар ришталарни ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси