Logo

БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича ахборот шарҳини тақдим этди

Январ 24, 2026. 12:40 • 2 дақ

66
БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича ахборот шарҳини тақдим этди

ВЕНА, 24 январь. /“Дунё” АА/. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси 2025 йилнинг иккинчи ярмидаги фаолияти бўйича якуний ахборот шарҳини тақдим этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Дипломатик миссия номига БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) раҳбар органлари котибиятидан Наркотик воситалар бўйича комиссия (CND) ҳамда Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий адлия бўйича комиссия (CCPCJ) фаолиятига бағишланган ахборот бюллетени келиб тушди.

Тақдим этилган материалларда иккала Комиссиянинг 2025 йил июлдан декабргача бўлган даврдаги фаолияти натижалари умумлаштирилган. Ҳужжатларда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва жиноий адлия тизимини мустаҳкамлаш бўйича халқаро стратегияларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Нашр этилган шарҳда глобал таҳдидларга қарши курашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар батафсил баён этилган. Халқаро мулоқотнинг фаол иштирокчиси сифатида Ўзбекистон учун тақдим этилган маълумотлар стратегик аҳамиятга эга.

Бюллетеннинг асосий мазмуни 2019 йилги ташкилот декларациясини амалга ошириш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни кўриб чиқиш ва 2026 йилги халқаро форумларга тайёргарлик кўришга қаратилган. CND қисмида янги психоактив моддаларнинг пайдо бўлиши ҳақида эрта огоҳлантириш ва гиёҳвандликни даволашнинг илмий асосланган усулларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланади.

CCPCJ диққат марказида Киото декларациясини амалга оширишдаги ютуқлар, кибержиноятчилик масалалари ва жиноят қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни такомиллаштириш кўзда тутилган.

Материалларда сессиялараро тадбирлар таҳлили алоҳида ўрин тутади. Унда аъзо давлатлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини жиноий одил судлов сиёсатига интеграция қилишни муҳокама қилган.

Ҳужжатда Тошкентнинг минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги конструктив роли алоҳида қайд этилган. Хусусан, БМТ экспертлари синтетик наркотикларнинг янги турлари тарқалишига қарши курашиш учун Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида тезкор ахборот алмашинуви самарадорлигини таъкидлаган. Бу ишлар Ўзбекистон Президентининг минтақавий барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги ташаббусларига тўла мос келади.

Жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида 2026 йилги сессияларга тайёргарлик кўришга эътибор қаратилиб, унда суд тизимини рақамлаштириш ва ички ишлар органларини ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси жаҳон амалиётига қўшилган муҳим ҳисса сифатида эътироф этилди.

БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг бошқарув органлари билан мунтазам ҳамкорлиги Ўзбекистонга нафақат миллий қонунчиликка энг яхши жаҳон стандартларини жорий этиш, балки БМТнинг глобал майдонида минтақавий ташаббусларни фаол илгари суриш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш