Ўзбекистонлик ёш рассомлар Токиода халқаро кўргазмада қатнашмоқда
Январ 24, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 54ТОШКЕНТ, 24 январь. /“Дунё” АА/. Токиодаги Миллий санъат саройида “Санъат – чегара ошиб” халқаро расмлар кўргазмаси бўлиб ўтаяпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
22 январдан 1 февралга қадар ўтказиладиган ушбу кўргазмада дунёнинг 36 мамлакатидан 500 дан ортиқ бадиий асарлар намойиш этилмоқда.
“Ўзбек бурчаги”да мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ўқувчилари, Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги ёш рассомлар ва Японияда истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг 40 га яқин асари намойиш этилмоқда.
Тақдим этилган асарларда Ўзбекистон табиати, бой маданий мероси, миллий анъаналари, тарихий обидалари, халқ қадриятлари ва ўзбек-япон дўстлигининг ўзига хос хусусиятлари ўзига хос бадиий услубда акс эттирилган.
Кўргазманинг очилиш маросимида элчихона вакиллари иштирок этиб, ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди. Япониянинг марказида жойлашган нуфузли санъат саройида ўзбек болаларининг ижод намуналари орқали мамлакатимиз маданияти ва маънавий дунёси билан кенг жамоатчиликни таништириш имконияти яратилаётгани икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Мазкур тадбир ташкилотчиси Халқаро Сумие жамияти раиси, таниқли япон рассоми Тохун Кобаяши ўз нутқида ўзбекистонлик ёшларнинг ижодий ишлари йил сайин мазмунан бойиб, бадиий жиҳатдан такомиллашиб бораётганини эътироф этди. Унинг сўзларига кўра, болалар расмларида миллий руҳ, тарихга ҳурмат ва келажакка умид уйғун тарзда ифодаланган бўлиб, бу асарлар япон томошабинларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бундай халқаро кўргазмаларда иштирок этиш ўзбекистонлик ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни янги ютуқларга ундаш ҳамда келгусида халқаро майдонда муносиб иштирок этишлари учун муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




