БАА Президенти Ўзбекистон элчисини Биринчи даражали “Мустақиллик” ордени билан тақдирлади
Январ 19, 2026. 20:03 • 52 сония
• 169
АБУ-ДАБИ, 19 январь. /“Дунё” АА/. БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчиси Абдулазиз Аққуловни мамлакатдаги элчилик фаолияти якунланиши муносабати билан Биринчи даражали “Мустақиллик” ордени билан тақдирлади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу юксак мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Давлат вазири Саид бин Муборак Ал-Ҳажрий топширди.
Мулоқот чоғида вазир БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб, барча соҳаларда муносабатларни янада ривожлантиришга содиқлигини таъкидлади.
Ал-Ҳажрий элчига келгуси фаолиятида муваффақият тилаб, унинг ваколати доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.
Ўз навбатида, Абдулазиз Аққулов Президент Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга чуқур миннатдорлик билдириб, БАА раҳбарияти мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги мавқеини мустаҳкамлашга қатъий интилаётганини акс эттирувчи тараққиёт ва ютуқларни эътироф этди.
Учрашув якунида дипломатимиз ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш миссияси муваффақиятига ҳисса қўшган ҳамкорлик учун ҳукумат таркибидаги барча идораларга миннатдорлик изҳор этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ элчи Абдулазиз Аққулов Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси лавозимига тайинланганди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
