“Asdaa Oman”: Туркия ва Ўзбекистон 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолади
Январ 24, 2026. 12:24 • 56 сония
• 69
МАСКАТ, 24 январь. /“Дунё” АА/. Ўмоннинг “Asdaa Oman” газетасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасида 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасининг имзоланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, ушбу битим Анқарада Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов ва Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер томонидан имзоланган. Учрашувда томонлар минтақавий хавфсизлик, мудофаа саноатини ривожлантириш ва ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилган.
“Туркия мудофаа вазири Яшар Гюлер Ўзбекистон билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Ўз навбатида, Шуҳрат Холмуҳамедов Ўзбекистон армиясини модернизация қилиш ва унинг жанговар қобилиятини ошириш учун ҳарбий тайёргарлик ва мудофаа саноати соҳасидаги Туркия тажрибаси муҳимлигини қайд этди”, дея ёзилган нашрда.
Таъкидланишича, режага кўра, 2026 йилда қўшма ўқув машғулотлари, шахсий таркиб алмашинуви, техник ҳамкорлик, ҳарбий-тиббий тайёргарлик ўтказилади. Ҳарбий шифокорларни тайёрлаш, ҳарбий госпиталларни бошқариш бўйича тажриба алмашиш, замонавий тиббий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Нашрнинг ёзилишича, келишув икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади ва ҳарбий хизматчиларни биргаликда тайёрлаш ҳамда мудофаа саноатини ривожлантириш учун янги имконият яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
