Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “ШҲТ плюс” формати мажлисидаги нутқи
Сентябрь 01, 2026. 16:50 • 4 дақ
• 81
(2026 йил 1 сентябрь, Бишкек ш.)
Ҳурматли Садир Нурғожоевич!
Ҳурматли давлатлар ва делегациялар раҳбарлари!
Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаровга бугунги “ШҲТ плюс” мажлисини ўтказиш борасидаги ташаббуси учун самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Бугун биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг адолатли дунё тартиботини шакллантиришдаги ролини муҳокама қилмоқдамиз.
Дунёда юз бераётган ўзгаришлар шароитида давлатлар ва минтақавий бирлашмалар глобал институтларга уларнинг универсал вазифасини янада самарали амалга оширишда қандай кўмак бериши мумкинлигини белгилаб олиш муҳимдир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг марказий, мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий тузилмалар эса аввало маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларга таянган ҳолда умумий тамойиллар ва қарорларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш орқали унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши лозим.
Айнан мана шундай уйғунликда биз ҳаётбахш кўп томонламаликнинг асосини кўрмоқдамиз.
Янги дунё тартиботи нафақат халқаро муносабатлар тизимидаги глобал кучлар нисбатини мустаҳкамлаши, балки минтақавий муаммоларнинг адолатли ҳал этилишига ҳам хизмат қилиши лозим.
Бундай мантиқдан келиб чиқилганда, “ШҲТ плюс” формати Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг шунчаки кенгайтирилган мажлиси доирасидан чиқиб, алоҳида чуқур мазмун касб этади.
Мазкур мулоқот майдони давлатлар, минтақалар ва ташкилотларни умумий кун тартиби атрофида бирлаштиришга қодир.
Бу ерда турли ташаббусларни ўзаро уйғунлаштириш ва глобал бошқарув архитектурасини шакллантириш бўйича мулоқот олиб бориш зарур.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Ўзбекистон Евроосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори.
Биз учун ўзаро боғлиқлик – стратегик мустақиллик ва барқарорлик масаласидир.
Биз шундай кўп қутблилик тарафдоримизки, у янги ажратувчи чизиқларни яратмайди, балки имкониятлар маконини кенгайтиради, минтақавий лойиҳалар ва ташаббуслар ўзаро рақобатлашмайди, балки бир-бирини самарали тўлдиради.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Бир қатор таклифларни илгари сурмоқчиман.
Аввало, “ШҲТ плюс” форматини минтақалараро мулоқот майдони сифатида ривожлантиришни муҳим деб ҳисоблайман.
Барқарор ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш, иқлимга мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, ҳаммабоп таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби аниқ йўналишларга эътибор қаратишни таклиф этаман.
Биз тажриба алмашишни янада кенгайтириш, ёндашувларни мувофиқлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида ечимларни биргаликда илгари суришимиз зарур.
“ШҲТ плюс” минтақавий ташкилотларнинг Ҳамкорлик тармоғини яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Асосий вазифа – макроминтақамизда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш мақсадида уларнинг котибиятлари ва ихтисослашган органлари ўртасида доимий ишчи алоқаларни йўлга қўйишдан иборат.
Шу билан бирга, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан янада фаол фойдаланиш лозим.
Кўплаб давлатлар ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда. Бироқ улар бўйича бир минтақада муваффақиятли қўлланилаётган ечимлар кўп ҳолларда бошқа минтақаларда номаълумлигича қолмоқда.
Тажриба алмашиш механизми сифатида табиатдан фойдаланиш, “яшил” энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантиришни таклиф этаман.
Макроминтақамизда кенг кўламли иқтисодий кооперацияни янада ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бизнес барча жойда бозорларга кириш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши, трансчегаравий йўлакларнинг ишга туширилиши ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқими кўринишида амалий натижаларни ҳис қилиши лозим.
Самарадорликнинг ана шундай аниқ кўрсаткичларига эътибор қаратиб, “ШҲТ Инвест” форумига доимий фаолият юритувчи платформа тусини беришни таклиф этаман.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ўтган чорак аср давомида ШҲТ сиёсий тизимлари, маданий анъаналари ва халқаро жараёнларга қарашлари турлича бўлган давлатлар ўртасида ҳамкорлик бўйича ноёб тажриба тўплади.
Ушбу кенг кўламли алмашинувни ривожлантириш мақсадида “ШҲТ плюс” маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этишни таклиф этаман.
Мазкур тадбирни БМТнинг манфаатдор тузилмалари билан биргаликда юртимизда, илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.
Ҳурматли дўстлар!
Биз “ШҲТ плюс” форматида замон тақозо этаётган мулоқот майдонини кўраётганимизни яна бир бор таъкидлашга ижозат бергайсиз. Мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги муштараклик нуқталари қанчалик кўп бўлса, барқарорлик ва ўзаро ишонч учун асос шунчалик мустаҳкам бўлади.
Ўзбекистон бундан буён ҳам умумий фаровонликни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама шерикликни ривожлантиришга салмоқли амалий ҳисса қўшишга тайёр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси