Катта Манчестер ишбилармонлари Ўзбекистон IT бозорига қизиқиш билдирмоқда

Октябрь 30, 2026. 15:50 • 2 дақ

• 6
Катта Манчестер ишбилармонлари Ўзбекистон IT бозорига қизиқиш билдирмоқда

ЛОНДОН, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида “IT Park” ва “Enterprise Uzbekistan” вакилларининг Катта Манчестер Савдо палатасининг бизнесни ривожлантириш ва ҳамкорлик тармоғи йўналиши раҳбари Люис Кроу билан онлайн учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида томонлар ахборот технологиялари, стартапларни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Британия томонига Ўзбекистоннинг технологик экотизими, маҳаллий IT-мутахассислар салоҳияти ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, жумладан, солиқ имтиёзлари ва маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштирувчи рақамли платформалар тақдим этилди.

Шунингдек ўқинг

Люис Кроу Манчестер ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистон томонига Савдо палатасининг “Affiliate Network” тармоғига қўшилишни таклиф этди. Тармоқда иштирок этиш ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, соҳага оид маълумотлар билан алмашиш ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари киберхавфсизлик, молиявий ва тиббий технологиялар соҳаларида ишбилармонлик учрашувлари ҳамда қўшма тадбирлар ўтказиш имкониятларини кўриб чиқди.

Музокаралар якунида томонлар ўз бизнес платформалари орқали қўшма ташаббусларни илгари суриш ҳамда Ўзбекистон ва Катта Манчестер компаниялари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш