Ўзбекистон ва Дания ўртасида иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Декабрь 06, 2025. 12:12 • 2 дақ
• 208
КОПЕНГАГЕН, 9 декабрь. /“Дунё” АА/. Копенгаген шаҳрида дипломатларимиз Дания саноат палатаси (Danish Industry) глобал бозорлар бўйича директори Йенс Хольст-Нильсен билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
1992 йилда ташкил этилган Danish Industry таркибига ҳозирги кунда 20 мингдан зиёд компания киради. 1200 нафар ходим фаолият юритувчи ташкилотнинг асосий вазифаси – Дания компаниялари манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва бизнес учун қулай шарт-шароит яратишдир.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хорижий компанияларнинг бизнес очиши учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар тўғрисида маълумот берилди.
Музокараларда мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси ва Danish Industry ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, икки томонлама бизнес форумини ўтказиш, Даниянинг энергетика, фармацевтика, чорвачилик, озиқ-овқат соҳасига ихтисослашган компанияларнинг бизнес-миссияларини ташкиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Дания – иқтисодий, технологик ва инновацион жиҳатдан юқори даражада ривожланган давлат. Охирги йилларда Ўзбекистонинг ушбу мамлакат билан савдо алоқалари жадал равишда ривожланмоқда. Хусусан, ўтган йили икки томонлама савдо айланмаси қарийб 70 миллион доллар кўрсаткичга кўтарилди. Бу йил ҳам ушбу ижобий тенденция сақланиб қолмоқда. Мамлакатимизда Дания капитали иштирокида 8 та корхона фаолият юритмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси