Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти намойиш этилди
Март 31, 2026. 14:46 • 2 дақ
• 62
ХАНЧЖОУ, 31 март. /“Дунё” АА/. Хитой халқаро савдо палатаси Чжэцянь провинцияси Ханчжоу директорлар кенгашининг йиллик сессияси доирасида мамлакатимизнинг инвестициявий имкониятлари тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда давлат тузилмалари, 500 дан ортиқ йирик маҳаллий ва хорижий компаниялар, шунингдек, Ўзбекистон, Буюк Британия, Янги Зеландия, Чили, Миср ва Индонезия дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Тақдимот давомида Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари иштирокчиларга сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик ва муҳим тармоқлардаги қўшма лойиҳалар икки мамлакат иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбир қатнашчиларига республиканинг улкан инфратузилмавий салоҳияти, хорижий инвесторларга берилаётган қатор имтиёзлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Ўзбекистонда бизнес юритишнинг асосий афзалликлари, жумладан, миллий ва минтақавий инвестиция лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, экспортни қўллаб-қувватлаш чоралари, шунингдек, Марказий Осиё, МДҲ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар, шунингдек, келгусидаги ҳамкорлик ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар.
Хитой халқаро савдо палатаси 30 мингдан ортиқ йирик компания ва корпорацияларни бирлаштирган давлат органи ҳисобланади. Унинг фаолияти савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга, хорижий ва маҳаллий ишбилармон доиралар, савдо палаталари ҳамда тегишли ташкилотлар ўртасида алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси