Британлик йирик инвестор Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор

Ноябрь 08, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 134
Британлик йирик инвестор Ўзбекистондаги лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор

ЛОНДОН, 8 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов “British American Tobacco” (BAT) компаниясининг бош корпоратив директори Кингсли Уитон билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида компания вакили Ўзбекистон билан ҳамкорлик устувор аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 1994 йилдан буён компаниянинг мамлакат иқтисодиётига киритган жами инвестициялари миқдори 530 миллион доллардан ошган.

Қайд этилганидек, 2021 йилдан бери “BAT Uzbekistan” минтақавий экспорт хаби сифатида фаолият юритиб келмоқда. 2025 йилда корхонанинг хомашё ва тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажми 95 миллион долларга етди.

Компания вакили Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятини кенгайтириш ва янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлигини тасдиқлади.

Шунингдек ўқинг

Учрашув иштирокчилари никотин маҳсулотларининг вояга етмаганлар томонидан истеъмол қилинишининг олдини олиш, масъулиятли ёндашувларни тарғиб қилиш ва бу борада инновацион ечимларни кўриб чиқиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

1902 йилда асос солинган ва бош қароргоҳи Лондонда жойлашган “British American Tobacco” дунёдаги энг йирик халқаро тамаки компанияларидан биридир. Компания 170 дан ортиқ мамлакатда ўз ваколатхоналарига эга бўлиб, 48 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлайди. Унинг 2025 йилдаги тушуми 34 миллиард долларни ташкил этди.

Ўзбекистон бозорида 1994 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “BAT Uzbekistan” минг нафардан ортиқ ходимга эга бўлиб, мамлакатнинг энг йирик солиқ тўловчиларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда компания давлат бюджетига 3,2 триллион сўм маблағ ўтказган ва тўлиқ хусусийлаштирилган.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва янги инвестициявий имкониятларни биргаликда ўрганишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш