Денис Манчевич: Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлиги катта иқтисодий имкониятларга эга

Ноябрь 26, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 87
Денис Манчевич: Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлиги катта иқтисодий имкониятларга эга

ЛЮБЛЯНА, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Словения Янги университетининг халқаро муносабатлар кафедраси доценти Денис Манчевич “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга амалга оширган давлат ташрифи юзасидан ўз муносабатини билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, сиёсий мулоқотни амалий иқтисодий ҳамкорлик билан бойитиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Мазкур ҳамкорликка 2025 йил август ойида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Самарқандга давлат ташрифи мустаҳкам замин яратди. Кейинги даврда томонлар ўзаро алоқаларнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, визасиз режимнинг жорий этилиши, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, Қўшма ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш ҳамда 300 турдаги товарни қамраб олувчи Имтиёзли савдо келишуви икки мамлакат иқтисодий яқинлашувига хизмат қилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон ва Иордания ҳамкорлиги фақат савдо ёки инвестиция билан чекланиб қолмай, саноат кооперацияси, замонавий технологиялар ва билим алмашинувига ҳам асосланмоқда.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ўсди. 2017–2025 йилларда ўзаро савдо қарийб 10 баробарга ошган, 2025 йилнинг ўзида 79,2 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Бу кўрсаткич икки мамлакат ташқи савдосида Иордания ва Ўзбекистон улуши ҳали жуда кичик эканини кўрсатади. Айни пайтда, ушбу ҳолат ҳамкорлик салоҳияти тўлиқ ишга солинмаганидан далолат беради.

Иорданиянинг импорт ҳажми ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ҳисобга олганда, электротехника, машинасозлик, пластмасса, тўқимачилик, мис ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжуд.

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида шаклланаётган ҳамкорлик модели икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчи имкониятларига асосланади. Унинг муваффақияти савдо ҳажмини ошириш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, технологияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва ташқи бозорларга биргаликда чиқиш билан белгиланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш