Белграддан муносабат: Ўзбекистоннинг экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги ҳаракатлари эътирофга лойиқ
Ноябрь 26, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 28
БЕЛГРАД, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Белград университети профессори Александр Валяревич “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Бутунжаҳон етакчилар саммитидаги иштироки хусусида ўз фикрларини билдирди.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасидаги учрашувларини диққат билан кузатдим.
Бу нуфузли тадбир Ўзбекистон учун нафақат иқлим ўзгариши, балки сувни тежаш, ерларнинг деградацияси ва чўлланишига қарши курашиш ҳамда бошқа қатор масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Президентининг саммитдаги маърузаси ҳамда қатор икки томонлама учрашувлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар келажакда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Ўзбекистон учун ҳам энг муҳим экологик масалалардан бири сув ресурсларини самарали бошқаришдир. Мамлакат қишлоқ хўжалиги ва аҳоли эҳтиёжлари жиҳатидан Амударё ва Сирдарё ҳавзаларига катта даражада боғлиқ. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги мамлакатдаги умумий сув истеъмолининг қарийб 90 фоизини ташкил этади.
Шу сабабли ирригация тизимларини модернизация қилиш ва тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш устувор вазифалардан биридир. Бу борада замонавий геоахборот тизимлари, сунъий йўлдош маълумотлари ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш катта имкониятлар яратади. Улар орқали сув ресурсларининг ҳолатини кузатиш, ифлосланиш хавфини аниқлаш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш мумкин.
Марказий Осиёдаги энг йирик экологик муаммолардан бири – Орол денгизи фожиасидир. Денгизнинг қуриши натижасида тупроқ шўрланиши, чанг ва туз бўронлари, биологик хилма-хилликнинг камайиши ҳамда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кучайди.
Ўзбекистоннинг Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш, қуриб қолган денгиз тубида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва табиий экотизимларни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлари халқаро эътирофга лойиқ.
Бироқ бу жараён узоқ муддатли илмий мониторинг ва комплекс ёндашувни талаб қилади. Ўсимлик қоплами, тупроқ шўрланиши, сув таъминоти ва ерларнинг деградациясини мунтазам баҳолаш зарур. Бунда сунъий йўлдош тасвирлари ва геофазовий таҳлил усуллари самарали восита бўла олади.
Шу билан бирга, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтишини тезлаштиради.
Бундай ёндашув иқтисодий ўсиш ва табиатни муҳофаза қилиш бир-бирига зид эмаслигини, аксинча, улар ўзаро боғлиқ мақсадлар эканини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси