Миср матбуоти: Янги Конституция Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади

Ноябрь 26, 2026. 12:50 • 3 дақ

• 10
Миср матбуоти: Янги Конституция Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади
Миср матбуоти: Янги Конституция Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади

ҚОҲИРА, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жумладан, “Elbalad.news” нашрида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, янги Конституциянинг ушбу йўналишдаги аҳамияти ҳамда мамлакатнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасидаги устувор вазифалари таҳлил қилинган.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон ташқи сиёсати яхши қўшничилик, очиқ мулоқот, халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳурмат ва тенг ҳуқуқли шериклик тамойилларига асосланади. Мамлакат йирик давлатлар билан муносабатларда мувозанатни сақлаш, миллий манфаатлар ва давлат суверенитетини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Нашр Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишлари – ҳарбий блокларга қўшилмаслик, хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик ва мамлакат ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик каби тамойиллар ўз аҳамиятини сақлаб қолаётганини қайд этган.

Бунда тинчликпарвар ёндашув пассивлик эмас, балки миллий манфаатларни дипломатик музокаралар, қонун устуворлиги ва кўп томонлама ҳамкорлик орқали таъминлаш воситаси сифатида талқин қилинган.

Шунингдек ўқинг

“Dar Al-Hilal” нашрида 2023 йилда қабул қилинган янги Конституциянинг ташқи сиёсатни такомиллаштиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилган. Унда очиқлик, прагматизм ва яхши қўшничилик тамойилларининг мустаҳкамланиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг барқарорлиги ва изчиллигини таъминловчи муҳим ҳуқуқий асос сифатида баҳоланган.

Материалда мамлакатнинг халқаро дипломатик алоқалари кўламига ҳам тўхталиб ўтилган. Хусусан, Ўзбекистон 168 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган, хорижда 60 та дипломатик ва консуллик ваколатхонасига эга ҳамда 100 дан ортиқ халқаро ташкилот аъзоси ҳисобланади. Бу кўрсаткичлар мамлакатнинг халқаро жараёнлардаги иштироки ва ташқи ҳамкорлик имкониятлари кенгайиб бораётганини акс эттиради.

Шу билан бирга, мақолада замонавий ташқи сиёсатнинг янги йўналишлари, хусусан, рақамли дипломатия, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, давлат технологиялари ва молиявий технологиялар соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам алоҳида ёритилган. Бу Ўзбекистон дипломатияси анъанавий сиёсий ва иқтисодий алоқалар билан чекланиб қолмасдан, глобал технологик ўзгаришларга ҳам мослашаётганини кўрсатади.

Айниқса, Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим натижаларидан бири сифатида қайд этилган. Минтақа давлатлари ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликнинг кучайиши сув-энергетика, экология, транспорт, савдо ва хавфсизлик масалаларини биргаликда ҳал этиш учун янги имкониятлар яратмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш