“Diplomacy Journal”: Янги Конституция Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик асосларини белгилаб берди
Ноябрь 26, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 47
СЕУЛ, 26 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “Diplomacy Journal” нашрида Ўзбекистон Конституцияси ва унинг мамлакат ташқи сиёсатини шакллантиришдаги ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, 2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги Конституция Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим ҳуқуқий ва стратегик асосига айланган. Унда очиқлик, прагматизм, тинчликсеварлик ва яхши қўшничилик тамойилларининг мустаҳкамланиши мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги устувор йўналишларини белгилаб бериши қайд этилган.
Ўзбекистон бугун 168 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган, 100 дан ортиқ халқаро ташкилот аъзоси ҳисобланади. Мамлакатнинг хориждаги 60 та дипломатик ва консуллик ваколатхонаси ҳамда Тошкентда фаолият юритаётган дипломатик миссиялар халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Нашрда Конституциянинг 17 ва 18-моддаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу моддаларда давлатларнинг суверен тенглиги, чегаралар дахлсизлиги, ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик, ички ишларга аралашмаслик ҳамда тинчликсевар ташқи сиёсат юритиш тамойиллари мустаҳкамлангани таъкидланган.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда қарама-қаршилик ўрнига мулоқот ва тенг ҳуқуқли шерикликка асосланган муносабатларни ривожлантириш сиёсати сўнгги йиллардаги муҳим ўзгаришлардан бири сифатида кўрсатилган. Бу ёндашув сув-энергетика, экология, транспорт, савдо ва минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳамкорликда ҳал этиш учун замин яратмоқда.
Муаллиф замонавий дипломатиянинг янги йўналишларига ҳам тўхталиб, рақамли дипломатия, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, молиявий ва давлат технологиялари соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этган. Ўзбекистоннинг маданий мероси, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик каби қадриятлари мамлакатнинг халқаро майдондаги «юмшоқ кучи»ни мустаҳкамловчи омиллар сифатида баҳоланган.
Мақолада яна бир муҳим жиҳат – хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига эътибор қаратилган. Янги Конституцияда давлатнинг ўз фуқароларини мамлакат ҳудудида ҳам, хорижда ҳам ҳимоя қилиши кафолатлангани белгиланган.
Мазкур мақола Жанубий Корея аудиториясига Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар, ташқи сиёсатнинг ҳуқуқий асослари ва мамлакатнинг халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалари ҳақида маълумот берган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси