Ўзбекистон ва Ҳиндистон сайлов жараёнларини ташкил этиш соҳасида тажриба алмашувини кенгайтирмоқда
Июль 28, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 104
ДЕҲЛИ, 28 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбаев Ҳиндистон бош сайлов комиссари Гьянеш Кумар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ва Ҳиндистон Сайлов комиссияси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик натижалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда сайлов жараёнларини ташкил этиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда профессионал тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ходимлари учун ўқув ва малака ошириш дастурларини ташкил этишга, шунингдек, икки мамлакатда ўтказиладиган сайловларда халқаро кузатувчиларнинг ўзаро иштирокини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, электрон овоз бериш машиналари (EVM) ва сайловчилар томонидан тасдиқланадиган қоғоз аудити тизими (VVPAT) каби замонавий сайлов технологияларини қўллаш соҳасидаги тажриба алмашиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ушбу йўналишда экспертлар мулоқотини изчил давом эттиришга келишиб олди.
Учрашув давомида Гьянеш Кумар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегациясини 2027 йил январь ойида Деҳли шаҳрида ўтказиладиган демократия ва сайловларни бошқариш масалаларига бағишланган анъанавий халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилди. Бундан ташқари, Ҳиндистон томони “Дунё демократиялари энциклопедияси” глобал ташаббусини тақдим этиб, лойиҳада Ўзбекистоннинг иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш учун тегишли ахборот материалларини топширди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси