АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди

Ноябрь 13, 2026. 08:55 • 3 дақ

• 25
АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди
АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди
АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди
АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди
АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди
АҚШлик журналистга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди

ВАШИНГТОН, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасида “Олтин қалам” миллий мукофоти ғолибини тақдирлаш ҳамда хорижлик журналистларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда дипломатик корпус вакиллари, америкалик журналистлар, экспертлар, маданият намояндалари ва жамоат арбоблари иштирок этди.

Маросимни Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов очиб, иштирокчиларни қутлади.

Тадбирнинг асосий воқеаси америкалик журналист, “Diplomatic Watch” нашри бош муҳаррири Виктор Готевбега “Олтин қалам” миллий мукофотининг топширилиши бўлди.

Ушбу эътироф журналистнинг Ўзбекистон ҳаёти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, республика ташқи сиёсати ва халқаро ташаббусларини Америка аудиториясига етказиш борасидаги кўп йиллик фаолияти ва туркум мақолаларига берилган муносиб баҳо бўлди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов “Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танлови доирасида 2021 йилда “Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали” номинацияси таъсис этилгани хорижий журналистлар учун муҳим рағбат бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Мазкур ташаббус мамлакатимиз ҳақидаги холис ва ишончли ахборотларни халқаро медиа маконида кенг тарқатишга қаратилгани қайд этилди.

Виктор Готевбе ва америкалик эксперт-таҳлилчи Жеймс Дурсони Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарор уларнинг мамлакатимиз ҳақидаги мавзуларни халқаро миқёсда ёритишга қўшаётган ҳиссасига билдирилган юксак ҳурмат ифодаси экани таъкидланди.

Виктор Готевбе Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни мунтазам кузатиб бориши, мамлакатнинг тараққиёт йўли ва халқаро майдондаги ташаббуслари унинг журналистик материаллари учун муҳим мавзу бўлиб келаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳақида мақолалар тайёрлаш, мамлакатдаги ислоҳотлар ва имкониятларни Америка жамоатчилигига танитиш унинг учун катта шарафдир. Журналист “Олтин қалам” мукофоти ва фахрий аъзолик мақоми унинг келгуси фаолияти учун ҳам муҳим рағбат бўлишини қайд этиб, билдирилган эътибор учун миннатдорлик билдирди.

“Очиғини айтсам, мен жуда ҳайратдаман. Бундай бўлишини умуман кутмагандим. Бу эътироф мен учун катта рағбат, фахр ва алоҳида масъулиятдир”, – деди Виктор Готевбе.

Маросимда сўз олган Жеймс Дурсо ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ мавзуларни халқаро аудиторияга етказишга алоҳида қизиқиш билдиришини таъкидлади. АҚШ сиёсати, Марказий Осиё билан муносабатлар ва Афғонистондаги вазият бўйича таҳлилий материаллари билан танилган эксперт 2024 йилда “Олтин қалам” халқаро мукофоти соҳиби бўлган.

У Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзоси этиб қабул қилинганидан мамнунлигини билдириб, мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, салоҳияти ва ислоҳотларини Америка жамоатчилигига етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришини маълум қилди.

Тадбир доирасида яна бир муҳим воқеа – Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, журналист Шоҳруҳ Мажидовга “Келажак бунёдкори” медалининг тантанали равишда топширилиши бўлди. Шунингдек, Отабек Эшмаматов ва Шоҳруҳ Мажидов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилиниб, уларга тегишли гувоҳномалар берилди.

Мазкур маросим нафақат журналистларнинг касбий фаолиятини эътироф этиш, балки Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги медиа ҳамкорликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, хорижий журналистларнинг уюшма фахрий аъзолигига қабул қилиниши икки мамлакат вакиллари ўртасида тажриба алмашиш, профессионал мулоқотни кенгайтириш ва қўшма медиа лойиҳаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Вашингтонда ўтказилган ушбу маросим ана шу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ўзбек ва америкалик журналистлар ўртасидаги ишончли профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ҳақидаги ахборотлар қамровини халқаро миқёсда кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш