“Кaбар”: Қирғизистон ва Ўзбекистон янги туристик шерикликни шакллантирмоқда
Июль 24, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 87
БИШКЕК, 24 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Кабар” миллий ахборот агентлигида “Марказий Осиё кўприги: Қирғизистон ва Ўзбекистон янги туристик шерикликни шакллантирмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиё бой тарихий-маданий мероси, ноёб табиий ландшафтлари ва минтақавий ҳамкорликнинг кенгайиши эвазига дунёдаги энг истиқболли туристик йўналишлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
Бу жараёнда туризм соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётган ва инфратузилмани мунтазам ривожлантираётган Ўзбекистон муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 6,5 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, шундан 2,5 миллиондан зиёди май ва июнь ойларига тўғри келади.
Қирғизистон ушбу соҳада Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги туризм соҳасидаги муносабатлар ҳукуматлараро битимлар, қўшма йўналишларни тарғиб қилиш, инфотурлар ташкил этиш ҳамда халқаро кўргазмаларда иштирок этиш орқали тизимли равишда ривожланиб бормоқда.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил май ойида Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик мажлисида илгари сурилган “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” ташаббуси ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ғоя минтақада ягона туристик макон яратиш ҳамда учинчи мамлакатлардан келувчи сайёҳлар учун “Ипак йўли бўйлаб саёҳат” каби қўшма маршрутларни тақдим этишга қаратилган.
Шунингдек, Қирғизистон Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг доимий иштирокчиси экани, ШҲТ тадбирлари доирасида идоралараро учрашувлар мунтазам ўтказилаётгани, шунингдек, туроператорлар учун ўзаро танишув сафарлари, чегара олди туризмини ривожлантириш ва ўтказиш пунктларидаги шароитларни яхшилаш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланган.
Якунда “Кaбар” агентлиги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида туризм соҳасидаги шериклик Марказий Осиёнинг жаҳон туризм бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга ҳамда ягона туристик макон сифатидаги жозибадорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси