“Global News Pakistan” АА: МДҲ бозори Ўзбекистон бизнеси учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда
Сентябрь 29, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 80
ИСЛОМОБОД, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Global News Pakistan” ахборот агентлигида Ўзбекистоннинг МДҲга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий шериклигига доир мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Агентлик порталида МДҲ ўртасидаги эркин савдо режими, ҳужжатлар ва стандартлар, фуқароларнинг визасиз ҳаракати, транзит ва юк ташиш бўйича келишувлар хусусида маълумотлар берилган.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан сўнгги йиллардаги савдо-иқтисодий кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Бу борада МДҲ бозорлари ўзбек бизнеси учун таниш: стандартлар уйғун, тил тўсиғи йўқ, логистика яхши йўлга қўйилган, божсиз кириш имконияти бор.
“МДҲ аҳолиси тахминан 250 миллион кишини ташкил этади. Бу мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик, автомобиллар, электротехника, кимёвий товарлар ва хизматларга барқарор талабни шакллантиради. Асосий ҳамкорлар Россия ва Қозоғистон бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Беларусь ҳам муҳим ўрин тутади”, – дея қайд этилган материалда.
Агентликда Ўзбекистон учун МДҲнинг аҳамияти товар оқимларидан ташқари, меҳнат миграциясини ҳам ўз ичига олишига эътибор қаратилган. Мақолада 2020 йилда Ўзбекистон МДҲга биринчи марта раислик қилгани, ўша даврда белгилаб берилган “босқичма-босқич янги сифат даражасига чиқиш” ғояси кейинги вазифалар учун дастуриламал бўлгани таъкидланган.
“Ўзбекистон Президенти МДҲ саммитларида 100 дан ортиқ ташаббусни илгари сурган. Ушбу ташаббуслар аниқ мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тошкент “чегарасиз ва чекловсиз” эркин савдо зонаси фаолиятини қўллаб-қувватлайди”, – деб ёзган муаллиф.
Мақолада қайд этилганидек, Ўзбекистон учун МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг табиий ҳаракатлантирувчиси бўлиб, тезкор саноатлашув, экспорт ўсиши ва аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси