Ўзбекистон ва Миср аграр соҳаси вакилларининг йирик B2B форматдаги учрашуви ўтказилди
Сентябрь 29, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 109ҚОҲИРА, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз делегациясининг Мисрга ташрифи доирасида Қоҳира шаҳрида икки давлат қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида кенг кўламли B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 400 нафардан ортиқ иштирокчи, хусусан, ҳукумат расмийлари, Савдо-саноат палатаси вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар, чорвадорлар, блогерлар ҳамда 200 нафардан ортиқ хорижий соҳа вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон томонидан 410 минг гектардан зиёд ер майдонларига эга фермер ва чорвадорлар иштирок этиб, ҳудудлар кесимида бизнес алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.
Учрашувларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, чорвачилик ва озуқа базасини ривожлантириш, илғор агротехнологиялардан фойдаланиш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази томонидан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларга юртимизда етиштирилаётган маҳсулотлар тури, қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва экспорт имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Мазкур B2B форматидаги учрашувлар Ўзбекистон ва Миср ўртасида қишлоқ ва сув хўжалиги, илмий-тадқиқот ва хусусий сектор соҳаларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда янги қўшма инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



