Logo

Ироқ бизнес делегацияси Тошкентга келди

Январ 13, 2026. 10:21 • 1 дақ

123
Ироқ бизнес делегацияси Тошкентга келди
Ироқ бизнес делегацияси Тошкентга келди

ТОШКЕНТ, 13 январь. /“Дунё” АА/. Ироқ ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация кеча махсус чартер рейс билан Тошкентга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Делегация таркибида 17 нафар расмий шахс, жумладан, Ироқ савдо вазири Асир ал-Ғаририй, Ироқ Инвестициялар бўйича миллий қўмита раиси ўринбосари Салар Муҳаммад Амин, Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим ал-Масъудий ал-Бағдадий ва Ироқ Савдо палаталари федерацияси раисининг махсус вакили Амир Алавий, шунингдек, 120 га яқин йирик ироқлик ишбилармонлар ва ОАВ вакиллари бор.

Ташриф давомида ироқлик тадбиркорлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати, савдо, қурилиш материаллари, пудрат ишлари, кўчмас мулк, фармацевтика, электротехника ва автомобилсозлик, тўқимачилик, мебелчилик, заргарлик, нефть маҳсулотлари каби соҳаларни, шунингдек, ахборот технологиялари, консалтинг, божхона декларацияси ва туризм сингари барча хизмат турларини тақдим этадилар.

Дастурга кўра, Ироқ бизнес миссиясининг Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Ироқ бизнес-форумларида ҳамда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ўтказиладиган B2B форматидаги учрашувларда иштирок этиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, делегация фармацевтика кластери ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмаларига ташриф буюради.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ироқ ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш